Президент Андижонда гастрономик туризм кўчаси билан танишди, аҳоли билан суҳбатлашди
Андижоннинг Ўрикзор маҳалласида Машраб ва Сарикуй кўчаларини қамраб олган 24/7 гастрономик туризм ҳудуди иш бошлади. Лойиҳанинг умумий қиймати 18 миллиард сўмни ташкил этди.

Президент Андижонда гастрономик туризм кўчаси билан танишди, аҳоли билан суҳбатлашди
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрининг Ўрикзор маҳалласида барпо этилган гастрономик туризм кўчаси билан танишди.
Машраб ва Сарикуй кўчаларини қамраб олган ушбу лойиҳа умумий ҳисобда 18 миллиард сўмга тушди. Шундан 8 миллиард сўми республика бюджети, 10 миллиард сўми эса тадбиркорлар маблағи ҳисобидан молиялаштирилди.
Кўчанинг узунлиги 1,2 километрни ташкил этади. Бу ерда пиёдалар ва велосипедлар учун кенг ҳамда хавфсиз йўлаклар қурилди, замонавий ландшафт дизайни яратилди, фавворалар ва турли ёритиш воситалари ўрнатилди. Шунингдек, селфи ҳудудлари, очиқ спорт майдончалари, болалар учун экомайдончалар ҳамда оилавий дам олиш масканлари ташкил этилди.
Ҳудуддаги 35 та савдо обьектида 30 та тадбиркорлик субьекти 24/7 тартибда хизмат кўрсатади. Лойиҳа доирасида 100 та янги иш ўрни яратилди. Кўча кунига 10 мингдан ортиқ аҳоли ва сайёҳни қабул қила олади.
Давлат раҳбари кўча бўйлаб сайр чоғида аҳоли ва тадбиркорлар билан самимий суҳбатлашди.

