Маҳаллий

Андижонда 28 млн долларлик чарм-поябзал саноат зонаси ташкил этилди

Андижонда 28 млн долларлик чарм-поябзал саноат зонаси барпо этилди

Шавкат Мирзиёев Олтинкўл туманидаги чарм-поябзал кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Мажмуанинг умумий майдони 10,1 гектарни, лойиҳалар қиймати эса 28 млн долларни ташкил этади. Ҳудуднинг 5,5 гектарида замонавий ишлаб чиқариш бинолари, дуал таълим маркази ва савдо шохобчалари қуриб битказилган.

Саноат зонасида умумий ишлаб чиқариш қуввати 150 млрд сўм бўлган 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Улардан 10 таси поябзал ва тагчарм, 2 таси сунъий чарм, 2 таси поябзал елими ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Қолган лойиҳалар доирасида резина поябзал, махсус поябзаллар учун устки қисмлар ишлаб чиқариш ҳамда тери тайёрлаш йўлга қўйилади.

Ҳозирга қадар мажмуада 2,5 мингта янги иш ўрни яратилди.

Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистонга экспорт қилинмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнига Туркия, Хитой ва Италияда малака оширган мутахассислар жалб этилган. Уларнинг тажрибаси маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Соҳа ривожини қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркорларга бир қатор имтиёз ва имкониятлар берилган. Жумладан, уларнинг талаблари асосида қурилган ишлаб чиқариш бино ва иншоотлари қиймати етти йилгача бўлиб тўлаш шарти билан сотилади.

Тадбиркорлар билан мулоқот чоғида маҳсулот сифатини ошириш, замонавий моделларни ўзлаштириш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, маҳаллий косибчилик анъаналарини замонавий саноат усуллари билан уйғунлаштириш, соҳа вакиллари учун яратилган шароитларни янада яхшилаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.