Маҳаллий

Шавкат Мирзиёев Андижон-Ҳуаня халқаро техникумини бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев Андижон-Ҳуаня халқаро техникумига ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев 23-сентябр куни Андижон туманидаги “Ипак йўли” саноат зонаси ҳудудида жойлашган техникум фаолияти билан танишди.

Президент матбуот хизмати хабарида таъкидланишича, мамлакатда янги саноат корхоналарини ишга тушириш билан бирга улар учун малакали мутахассислар тайёрлашга ҳам устувор аҳамият берилмоқда. Бунда таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш муҳим ўрин тутади. Андижон-Ҳуаня халқаро техникуми айнан шу мақсадда ташкил этилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллион долларни ташкил этиб, у тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилди. Тўрт гектар майдонда 5 минг нафар ўқувчига мўлжалланган ўқув биноси қуриб битказилди. Кейинги босқичда ётоқхона, лаборатория биноси, спорт майдончаси, ошхона ва яшил ҳудуд барпо этилади.

Муассасада дуал таълим тизими жорий этилган. Ўқувчилар назарий билимларни техникумда олади, амалиётни эса саноат зонасидаги йирик корхоналарда ўтайди. Шу тариқа улар ўқиш давридаёқ ишлаб чиқариш жараёни, замонавий ускуна ва технологиялар билан яқиндан танишади.

Ҳозирда бу ерда 210 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. 2030-йилга қадар йиллик қабулни 1 минг 800 нафарга, ўқувчиларнинг умумий сонини эса 4 минг нафарга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, таълим йўналишлари сони 20 тагача кўпайтирилади.

Президент техникумда яратилган шароитлар билан танишди, ёшлар ва инвестор билан суҳбатлашди.

Давлат раҳбари Андижон вилоятида икки кун давомида бўлади. Ташрифни дастлаб Андижон халқаро аеропортида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошлади. Сўнг Андижон туманида сунъий интеллект ва гуманоид роботлардан фойдаланаётган Эсо Соттон корхонасини бориб кўрди. Кичик гидроелектр стансиялари учун зарур ускуналар ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа билан танишди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.