Президент Андижонда экотуризм мажмуаси билан танишди, фаоллар билан суҳбатлашди
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи доирасида 23-сентабр куни Асака тумани, «Янги ҳаёт» ҳудудидаги 192 гектар майдонда барпо этилган экотуризм мажмуаси билан танишди.

Президент Андижонда экотуризм мажмуаси билан танишди, фаоллар билан суҳбатлашди
Ҳудудда капсула кўринишидаги 4 та замонавий дам олиш уйи ҳамда миллий услубдаги 5 та ўтов ўрнатилган. Ўттиз гектар майдонга манзарали дарахтлар ва арчалар экилган. Оилавий ресторан, турли аттраксионлар ва замонавий тунги ёритиш тизими ташкил этилган.
Мажмуада табиий муҳитни асраш ва ресурслардан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор берилган. Ҳудудда 14 минг куб метр сиғимга эга мембранали сув ҳавзаси қурилган. Дарахт ва экинлар тўлиқ томчилатиб суғориш тизими орқали суғорилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 51,8 миллиард сўмни ташкил этади. Уни амалга ошириш натижасида маҳаллий аҳоли учун 275 та доимий ва 200 та мавсумий иш ўрни яратилди. Шунингдек, боғда етиштириладиган узумни экспорт қилиш режалаштирилган.
Муассаса тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига 80 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиши ҳамда маҳаллий бюджетга 3 миллиард сўм тушум таъминланиши кутилмоқда.
Жорий йил якунига қадар тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган «Узум боғи» мажмуаси Андижон вилоятининг жозибадор сайёҳлик масканларидан бирига айланиши кутилмоқда.
Давлат раҳбари шу ерда ёзилган дастурхон атрофида вилоят фаоллари ва меҳнат фахрийлари билан самимий суҳбатлашди. Мулоқотда Андижонда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, аҳоли фаровонлигини ошириш, маҳаллаларни обод қилиш ва ёшлар учун янги имкониятлар яратиш ҳақида сўз борди.
Тадбир давомида маданий дастур ва дронлар шоуси намойиш этилди.

