Поездлардаги аёллар вагонлари — бу қанчалик тўғри қарор?
«Казахстан темир жолы» Алмати-Тошкент поезди таркибида «аёллар вагони»ни йўлга қўймоқда. Компания бу хизматни харидоргир деб атамоқда. Nemolchi.uz асосчиси Ирина Матвиенко ўзи ҳам шундай вагонни танлаган бўлишини айтди. Аммо гендер сегрегациясининг салбий томони ҳам бор.

Поездлардаги аёллар вагонлари — бу қанчалик тўғри қарор?
Қозоғистоннинг «Казахстан темир жолы» миллий темир йўл компанияси 1 октябрдан бошлаб Олмаота-Тошкент-Олмаота поезди таркибида «аёллар вагони» йўлга қўйилишини эълон қилди.
Бундай вагонга чипталар фақат аёлларга сотилади, унга эса фақат аёл кузатувчилар (проводницалар) хизмат кўрсатади. Аёллар билан бирга 7 ёшгача бўлган (7 ёш ҳам киради) ўғил болалар ҳам ҳамроҳлик қилиши мумкин.
«Пассажирские перевозки» компанияси раҳбари Ануар Ахметжанов «Аёллар вагони» хизмати ички йўналишларда катта талабга эга эканини — ундан аллақачон 946 мингдан ортиқ йўловчи фойдаланганини маълум қилди. Янги вагоннинг ишга туширилиши билан бундай йўналишлар сони 14 тага етади.
Унинг айтишича, бир томондан, бу қарорни тушуниш мумкин ва у ўзи ҳам шундай вагонни танлаган бўларди. Иккинчи томондан, гендер сегрегациясининг салбий томони ҳам бор — узоқ муддатли истиқболда у дунёни хавфсизроқ қилмайди.
— Олмаота-Тошкент йўналишида аёллар вагони йўлга қўйилишига нисбатан муносабатим икки хил. Бир томондан, бу чора менга тушунарли. Марказий Осиёда аёллар жамоат транспортида: автобуслар, таксиларда тегажоғликка тез-тез дуч келишади. Қозоғистонда бир неча йил аввал поезд йўловчисини зўрлаган кузатувчилар жиноий жавобгарликка тортилган эди. Афсуски, улар муддатидан олдин озодликка чиқишди.
Бироқ, бу фақат бизнинг минтақамизга хос муаммо эмас. Фуқаролар хавфсизлиги давлатнинг масъулияти бўлишига қарамай, бутун дунёдаги аёллар ўз хавфсизлиги ҳақида ўзлари қайғуриши керак бўлган шароитда яшамоқдалар.
Масалан, мен саёҳатларимда хостелларда аёллар купеси ёки аёллар хоналарини танлайман ва улар учун қўшимча ҳақ тўлайман — бу мен яратмаган муҳитдаги оқилона танловдир.
Агар мен поездда Олмаотага кетаётган бўлсам, катта эҳтимол билан мен ҳам аёллар вагони ёки купесини афзал кўрган бўлардим. Ўйлайманки, бунда ёлғиз эмасман. Бироқ, бундай танловнинг, умуман гендер сегрегациясининг салбий томони бор — узоқ муддатли истиқболда у дунёни хавфсизроқ қилмайди.
Британиялик феминист тадқиқотчи Максин Молинью ҳали 1985 йилдаёқ «аёллар манфаатлари» тушунчаси жуда мавҳум эканини таъкидлаб, уларни амалий ва стратегик гендер манфаатларига ажратган эди. Амалий манфаатлар мавжуд воқелик доирасида аёллар ҳаётининг муайян шароитларидан (айни дамдаги озиқ-овқат, уй-жой, соғлиқ, хавфсизлик) келиб чиқади. Улар стратегик гендер манфаатларидан фарқли ўлароқ, гендер тенгсизлиги тизимининг ўзига шубҳа туғдирмайди. Охиргилари эса бўйсуниш тузилмаларининг ўзини ўзгартиришга қаратилган: камситишларни бекор қилиш, репродуктив ҳуқуқлар, сиёсатдаги тенглик, зўравонликка қарши кураш. Аёллар вагони — бу амалий манфаатнинг амалга ошишидир.
Америкалик тадқиқотчи Венди Браун «States of Injury» китобида либерал давлат гендер тенгсизлигига трансформация ва камситишларни йўқ қилиш логикаси орқали эмас, балки протекционизм логикаси орқали жавоб беришга мойиллигини кўрсатди. Браун, шунингдек, парадоксга эътибор қаратади: гендер сегрегацияси орқали ҳимоя қилиш қурбон мақомини мустаҳкамлайди.
Аёллар вагонидаги аёл хавфсизликда, чунки у таҳдидлардан ажратилиши керак бўлган заиф субъект сифатида тақдим этилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қозоғистон Конституцияларига кўра, аёл жамоат жойларида тенг ҳуқуқларга эга бўлган фуқаро эканлиги унутилади. Аммо протекционистик логика бу тамойилни йўққа чиқариб, уни қўриқланадиган субъект мақоми билан алмаштиради.
Протекционизм сиёсий жиҳатдан қулай: у эркаклар ҳокимиятини қайта кўриб чиқишни ҳам, реал институционал ўзгаришларни ҳам талаб қилмасдан, ғамхўрлик кўринишини яратади. «Аёллар вагони» — протекционистик чоранинг идеал намунасидир: давлат гўёки «Биз сизни ҳимоя қиляпмиз» демоқда, лекин «Биз сизни кимдан ҳимоя қиляпмиз? Нима учун сизни айнан шундай ҳимоя қилиш керак? Таҳдид солаётганлар нима бўлади?» деган саволларни бермаяпти.
Ҳеч ким ўйлаб кўрмайди: агар аёллар учун «хавфсиз» вагон бўлса, бу қолган вагонлар ҳақида нимани англатади?
Гўёки «аёллар вагони»да аёл хавфсизликда, қолганларида эса у таваккал қилиб кетаверади. Агар бирор кўнгилсиз ҳодиса юз берса, «У ўзи нима хоҳлаганди? Ўзи умумий вагонга ўтирди-ку» деган айбловлар янграса, ҳайрон қолмайман. Гўёки бошқа вагонга чипта сотиб олган аёл «нотўғри танлов» қилгандек.
Аслида, хавфсизлик учун жавобгарлик давлат ва айбдордан аёлнинг ўзига юкланади — фақат юмшоқроқ, деярли ғамхўрлик шаклида. Бу амалдаги протекционизмдир.
Бу чора сабаб билан эмас, балки симптом билан курашаётганини ҳам таъкидлаш муҳим.
Транспортда шилқимлик қилишга мойил бўлган эркак, аёллар алоҳида вагонга жойлаштирилгани сабабли бунга камроқ мойил бўлиб қолмайди. У буни бошқа вагонларда, автобусларда, кўчаларда ва бошқа жойларда давом эттириши мумкин. Бундан ташқари, бошқа мамлакатларда алоҳида «аёллар вагонлари»ни жорий этиш амалиёти шуни кўрсатдики, эркаклар ҳам уларга кириши мумкин.
Аёллар учун вагон йўлга қўйилгани ҳақидаги янгиликларни кўряпман, лекин давлат муҳитни ўзгартириш учун нима қилаётгани ҳақидаги янгиликларни кўрмаяпман. Кузатувчилар ва қўриқчилар шилқимликни аниқлаш ва унга чора кўриш бўйича тренингдан ўтишдими? Исталган поезд ва вагонда шилқимликка дуч келган аёл учун шикоят қилишнинг тушунарли алгоритми борми? Ушбу ташаббусга шилқимликка йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақидаги оммавий коммуникация ҳамроҳлик қилиши режалаштирилганми?
Ва ниҳоят, бунинг учун адекват жазо қани? Ўзбекистонда шилқимлик учун бериладиган беш сутка аллақачон мемга айланиб улгурди. Бу чора етарли эмаслиги ярим йил аввал тан олинганига қарамай, ҳалигача қонунчиликда ўзгаришлар йўқ.
Ушбу йўналишда кетаётган аёллар муқобил вариантга эга бўлишганидан хурсандман. Бу вариант транспортдаги хавфсизликка тизимли ёндашувнинг бир қисми бўлишини истардим. Юқорида тилга олинган саволларга батафсил жавоблар ва ҳаракатлар бўлмагунча, тизимли ўзгаришлар ҳақида гапиришга ҳали эрта.

