Дунё бўйлаб аёллар эркакларга қараганда 23 фоиз кам маош олади

Аёллар дунё аҳолисининг ярмига яқинини ташкил этишига қарамай, меҳнат бозорида эркакларникига нисбатан 23 фоиз кам маош олади ва тенг имкониятларга эга эмас. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, 2025-йилда расмий меҳнат бозорида аёлларнинг улуши 48 фоизни ташкил этган бўлса, эркакларда бу кўрсаткич 73 фоизга етган.
Аёллар, шунингдек, барча ҳақи тўланмайдиган парвариш ва уй ишларининг тўртдан уч қисмидан кўпроғини бажаради. Раҳбарлик лавозимларида бу тафовут янада яққол кўзга ташланади. БМТ Тараққиёт дастурининг маълумотларига кўра, аёллар дунё бўйича бошқарув лавозимларининг тахминан 38 фоизини ва етакчилик лавозимларининг 31 фоиздан сал кўпроғини эгаллаб турибди. Иқтисодий ўсиш, инновациялар ва инвестициялар келажагини белгилайдиган соҳаларда уларнинг улуши айниқса пастлигича қолмоқда.
Эришилган ютуқларга қарамай, аёллар муносиб иш ўринларидан фойдаланишда тенгсизликка дуч келмоқда. Улар ҳақи тўланмайдиган парвариш, стереотиплар, иш жойидаги тазьиқ ва зўравонликларга дуч келишда давом этмоқда. Насл-насаб, этник келиб чиқиш, ногиронлик, ёш, ижтимоий-иқтисодий ҳолат ва миграция мақомига асосланган камситишлар эса бу вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармасининг Тематик ҳамкорлик, махсус процедуралар ва тараққиёт ҳуқуқи департаменти директори Пегги Ҳикснинг таъкидлашича, "Ғовлар ва тўсиқлар аёлларга турлича таъсир кўрсатади. Имтиёзлар бу тўсиқларни камайтириши мумкин, камситишлар эса аксинча, вазиятни оғирлаштиради. Баъзи аёллар учун раҳбарлик сари йўл жуда машаққатли. Бошқалари учун бу йўл тўсилган. Кўпчилик учун эса у умуман мавжуд эмас".
Аввалроқ Европа ва Марказий Осиёда мигрантларнинг ярмидан кўпини аёллар ташкил этиши ҳақида хабар берилганди. Бунга Украинадаги уруш, геосиёсий ўзгаришлар, низолар ва бир қанча иқлим ўзгариши оқибатлари каби омиллар туртки бўлмоқда.

