Покистон компанияси Янги Тошкентда уй-жойлар ва кўнгилочар марказлар қурмоқчи
Покистоннинг Висион Гроуп компаниялар гуруҳи Янги Тошкентда тураржойлар, боғлар, савдо ва кўнгилочар марказларни қамраб олувчи йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда. Лойиҳани тақдим этиш ва қурилиш шартларини муҳокама қилиш учун компания ищи гуруҳининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишилди.

Покистоннинг Висион Гроуп компанияси Янги Тошкентда уй-жойлар ҳамда кўнгилочар марказлар барпо этишни режалаштирмоқда. «Дунё» ахборот агентлиги маълумотига кўра, бу масалалар Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев ва Висион Гроуп раҳбарияти ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинган.
Учрашув чоғида компания вакилларига Янги Тошкент лойиҳаси, шунингдек, қурилиш соҳасига сармоя киритаётган хорижий инвесторлар учун яратилган имтиёз ва преференсиялар ҳақида батафсил маълумот берилган.
Покистон томонига янги шаҳарда инфратузилма ҳамда муҳим ижтимоий обьектларни қуришга давлат томонидан катта маблағ йўналтирилаётгани, ҳозирга қадар 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилгани айтилган.
Шунингдек, Янги Тошкент учун жами 20 минг гектар ер ажратилгани, биринчи босқичда 6 минг гектар ҳудудда 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилгани таъкидланган.
Висион Гроуп вакиллари Янги Тошкентни жозибадор ва истиқболли инвестиция йўналиши сифатида кўраётганини билдирган.
Компания таклиф этаётган лойиҳа замонавий тураржой бинолари, боғлар, сайилгоҳлар, фавворалар, умумий овқатланиш шохобчалари, савдо ва кўнгилочар марказларни қамраб олади. Аҳоли ҳамда хорижий меҳмонлар учун ижтимоий ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш ҳам режалаштирилган.
Музокаралар якунида мазкур лойиҳа тақдимотини ўтказиш учун компания ищи гуруҳининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этишга келишиб олинган. Хабарда лойиҳанинг аниқ қиймати ва қурилиш муддатлари келтирилмаган.
Висион Гроуп 1990-йилда ташкил этилган бўлиб, кўчмас мулк қурилиши, оммавий ахборот воситалари, кино, фармацевтика, таълим, архитектура ва дизайн соҳаларида фаолият юритади.
Агентлик маълумотига кўра, гуруҳ сўнгги 22 йил ичида Покистон шаҳарларида умумий майдони 2,6 минг гектар бўлган шаҳарсозлик ва қурилиш лойиҳаларини амалга оширган. Компания активлари 7 миллиард долларга баҳоланмоқда.

