Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда 2,5 млрд долларлик 10 та лойиҳа қурилишига старт берди
Ўзбекистон президенти Янги Тошкентда Хитой, Туркия, БАА ва бошқа хорижлик ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 2,5 млрд доллар бўлган ўнта йирик лойиҳа қурилишига старт берди. Улар орасида саноат ҳудуди, йўл ва кўприк, бизнес сити, турар жой мажмуалари ҳамда Янги Тошкент марказий шифохонаси бор.

Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда 2,5 млрд долларлик 10 та лойиҳа қурилишига старт берди
Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда бунёд этилган иншоотларни ишга тушириш ҳамда янги лойиҳалар қурилишига старт бериш маросимида қатнашди.
Маълум қилинишича, барпо этилаётган Янги Тошкентнинг биринчи босқичидаёқ 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Шаҳарда 2 минг гектар яшил ҳудуд ва 500 гектар истироҳат боғлари ташкил этилади. “Яшил қурилиш стандартлари” асосида 150 миллион квадрат метр турар ва нотурар жой майдонлари қурилади.
Ўтган даврда Янги Тошкентда 2 миллиард долларлик ишлар бажарилди. Турар жойлар, университетлар, кутубхона ва амфитеатр барпо этилди. Бугунги маросимда умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган еттита обьект фойдаланишга топширилди.
Улар “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг биринчи босқичи, йўл ва инфратузилма обьектлари, “Янги Тошкент” 1-сон нимстансияси, тригенерация стансияси, Савдо-саноат палатаси биноси, “Соҳил боғи” истироҳат боғи ҳамда 2 минг ўринли умумтаълим мактабидан иборат.
Туркиянинг “МИМСАН” компанияси иштирокида 73 миллион доллар инвестиция эвазига қурилган тригенерация стансияси 100 минг хонадонни марказлашган тарзда иситиш ва совитиш, шу билан бирга электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Хитойнинг “Ҳаоченг Индустрй Гроуп Лимитед” компанияси билан барпо этилган нимстансия ва юқори кучланишли электр тармоқлари лойиҳасининг қиймати 95 миллион долларни ташкил этади.
Шунингдек, 18 километр автомобил йўли қурилди, 13 километр канализация ва 4,5 километр ичимлик сув тармоқлари тортилди. Қирғоқ бўйлаб 10 километрлик “Соҳил боғи”да пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил қилинди. “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг дастлабки босқичида қарийб 7 мингта хонадон қурилди.
Маросимда Хитой, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа хорижий ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 2,5 миллиард доллар бўлган яна ўнта йирик лойиҳа қурилишига старт берилди.
Улардан бири юқори технологик маҳсулотлар ва ярим ўтказгичлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Дееп Теч парк” саноат ҳудудидир. Уни барпо этишга 320 миллион доллар йўналтирилади. Келгусида бу ерда умумий қиймати 1,7 миллиард долларлик лойиҳалар жойлаштирилади.
Финляндиянинг “МариМатис” компанияси иштирокида чиқиндиларни тўплаш ва улардан “яшил” электр энергияси олиш лойиҳаси амалга оширилади. Шунингдек, кўп квартирали уйлар томига умумий қуввати 20 мегаватт бўлган фотоелектр тизимларини ўрнатиш режалаштирилган.
Янги Тошкентни пойтахт билан боғлаш учун Темур Малик кўчаси ва 4Р12 автомобил йўли ўртасида кўприк, йўл ўтказгич ва 10 километр йўл қурилади. Метро бекатлари билан туташган ер ости автотураргоҳини барпо этиш ҳам янги лойиҳалардан бири.
Умумий майдони 818 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган “Метрополис” бизнес ситида офислар, меҳмонхона, турар жойлар ва хизмат кўрсатиш обьектлари жойлашади. Майдоннинг 500 минг квадрат метр қисми бизнес учун мўлжалланган. Бу ерда 1,5 минг нафар одамнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, “Силк Ситй”, “Мавж” ва “Маржон” турар жой мажмуалари ҳамда 120 ўринли Янги Тошкент марказий шифохонаси қурилади.
Давлат раҳбари ушбу лойиҳалар Янги Тошкентнинг бизнес, туризм ва маданият маркази сифатида шаклланишига хизмат қилишини таъкидлаб, шаҳар бунёдкорлигида иштирок этаётган қурувчилар, муҳандислар, лойиҳачилар ва хорижий ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.

