“Ер йўқ”. Президент Тошкент туманлари ҳокимларига Янги Тошкентда лойиҳалар тайёрлашни топширди
Ўзбекистон президенти Тошкентнинг амалдаги туманларида бўш ер майдонлари етишмаётганини маълум қилди. Янги лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳар бир туманга Янги Тошкентдан 100 гектардан ер ажратилади. Ҳокимлар бу ишга ҳафтасига бир кун ажратиши ва ҳар ой давлат раҳбарига ҳисобот бериши керак.

“Ер йўқ”. Президент Тошкент туманлари ҳокимларига Янги Тошкентда лойиҳалар тайёрлашни топширди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12-октабр куни Тошкентнинг амалдаги туманларида янги лойиҳаларни амалга ошириш учун бўш ер майдонлари етишмаётганига эътибор қаратди.
“Энг катта эътироз нима? [Шайхонтоҳур тумани ҳокими Бобир Абубакиров] „Ер бер“, дейди. Ер йўқ. Олмазорда ҳам ер йўқ, Тошкентнинг бошқа туманларида ҳам ер йўқ. Шунинг учун сизлар [туман ҳокимлари] ҳам [Янги Тошкентда лойиҳалар учун] тайёргарлик қилинглар”, — деди давлат раҳбари.
Шу муносабат билан пойтахтнинг ҳар бир тумани учун Янги Тошкент ҳудудидан дастлаб 100 гектардан ер ажратилади.
“Лекин юз гектарни қандай ўзлаштириш, лойиҳа нима бўлиши керак — одамлар, маҳаллалар кесимида [белгилаш керак]. Бу Шайхонтоҳур тумани маҳалласи бўлади, бу Олмазор маҳалласи бўлади, бу Мирзо Улуғбек”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ҳар бир туман ҳокимига Янги Тошкентдаги лойиҳалар устида ишлаш учун ҳафтасига бир кун ажратишни топширди. Шунингдек, ҳокимлар ҳар ой президентга амалга оширилаётган ишлар ва кўрилаётган чоралар ҳақида ҳисобот бериши керак.
У Янги Тошкентга кейинги ташрифи чоғида ҳар бир туман лойиҳалари билан шахсан танишиш ниятида эканини ҳам билдирди.
“Ҳар ой вилоят ҳокимлари беш кун келиб шу ерда юради. Ҳар ой — беш кун. Бу янги Ўзбекистон, бу тарих”, — деди президент.
Шавкат Мирзиёев шаҳар қурилишида аҳоли учун қулай кўча ва йўллар, яшил ҳудудлар, дам олиш жойлари ҳамда фаровон ҳаёт учун бошқа шароитларни яратиш зарурлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Янги Тошкент келажак авлодлар учун намуна бўлиши керак.
“Яна бир марта айтаман, эллик йил, юз йилдан кейин одамлар: „Отасига раҳмат ўша команданинг, шундай замин яратиб кетган экан. Биз эркин, хавфсиз, бемалол яшил маконда фарзандларимизни тарбия қиляпмиз, мактабга боряпти, олийгоҳга боряпти, шифохоналар энг зўр, замонавий, дунёнинг ҳамма еридан олиб келяпти“ деган фикр бўлиши керак”, — деди давлат раҳбари.
Президент, шунингдек, Янги Тошкентда Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти учун ўз ўрни бўлишини таклиф қилди. Хусусан, янги шаҳарнинг йирик кўчаларига вилоятлар номини бериш, ҳудудда эса муайян вилоятлар билан боғлиқ алоҳида маҳаллалар ташкил этиш мумкин.
“Андижон кўчаси қўямиз катта кўча номини. […] Фарзандимга уй оламан, деб Қашқадарё ҳокимига битта оддий деҳқон келиб айца, ҳоким: „Эй, ота, Тошкентда ўзимизнинг уйимиз бор, ўзимизнинг маҳалламиз бор. Қашқадарё маҳалласида яшайсиз“, деса, қандай зўр бўлади!” — деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда президент Янги Тошкентда ер майдонларига талаб сезиларли даражада ошганини ҳам маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2024-йилда янги шаҳарда бир гектар ернинг нархи 10 млрд сўмга ҳам етмаган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 19 млрд сўмга етган.
“Яқинда 66 сотихли ер участкаси 6,7 миллиард сўм бошланғич нархда савдога чиқарилиб, якунда 40 миллиард сўмга сотилди”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Янги шаҳар қурилиши учун жами 20 минг гектар ер ажратилган. Биринчи босқичда 60 минг гектар майдонда умумий қиймати 50 млрд долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Янги аеропорт қурилишини ҳисобга олганда, ҳудуднинг инвестиция салоҳияти президент баҳосига кўра, 200 млрд долларга етиши мумкин. Янги шаҳарда 2000 гектар яшил ҳудуд ва 500 гектар боғлар ташкил этиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Янги Тошкентда инвесторлар ер майдонининг 30%ини кўкаламзорлаштириши шарт бўлмайди.
Шаҳарнинг 30%ини кўкаламзорлаштириш бош режа асосида давлат томонидан таъминланади. Қиймати $50 млндан юқори нотурар жой лойиҳалари учун “яшил” сертификат харажати қопланади. Йирик лойиҳаларга масъул бириктирилади.
Шавкат Мирзиёев ушбу йиғилишда Янги Тошкентда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни соддалаштиришни ҳам топширди.
Бизнес учун инфратузилма тўловлари 3−10 бараварга камайтирилади, ерлар эса, жумладан, Свисс Чалленге тамойили асосида ажратилади. Зарур ҳолларда шаҳарнинг бош режаси инвесторлар таклифларини ҳисобга олган ҳолда ўзгартирилиши мумкин.

