Петербургда мигрантларнинг бьюти-индустрияда ишлашига қўйилган тақиқни қайта кўриб чиқмоқчилар

Санкт-Петербургда бьюти-соҳада мигрантлар меҳнатига қўйилган тақиқни қайта кўриб чиқиш таклиф этилди. Бизнес-омбудсман Валерий Калугин губернатор Александр Бегловга сартарошхоналар ва гўзаллик салонларини чекловлардан чиқариш илтимоси билан мурожаат қилмоқчи. Шу билан бирга, шаҳардаги барбершоплардаги усталарнинг қарийб 70 фоизи Ўзбекистон фуқароларидир.
15 октябрь куни Санкт-Петербург ҳукумати патентга эга чет элликларнинг ишлаши тақиқланган соҳалар рўйхатини кенгайтирди. Такси ва курьерлик етказиб беришдан ташқари, чекловлар остига озиқ-овқат дўконлари, суд-тиббий экспертизаси, фитнес-клублар, сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари тушди. Янги қоидалар 2026 йил 1 декабрдан кучга киради.
Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Валерий Калугин ҳукумат гўзаллик индустрияси учун тақиқнинг оқибатларини охиригача ҳисоблаб чиқмаган бўлиши мумкинлигини айтди. У губернатор Александр Бегловга сартарошхоналар ва гўзаллик салонларини чекловлар рўйхатидан чиқариш илтимоси билан мурожаат қилиш ниятида.
"Соҳанинг соҳадан фарқи бор. Такси ҳайдовчиси, курьер ёки самокатчи — бу бошқа масала. Аммо сартарошхоналар ва маникюр салонларида, менимча, қарор охиригача ҳисоблаб чиқилмаган", — деди Калугин.
Унинг сўзларига кўра, аввал бозордаги вазиятни ўрганиш, бу соҳада қанча мигрант меҳнат қилаётганини ва улар айнан қандай лавозимларни эгаллаб турганини тушуниш керак. шундан кейингина кейинги қарорларни қабул қилиш мумкин бўлади.
Ўз навбатида, Гўзаллик индустрияси тадбиркорлари ассоциацияси президенти Лялья Садыкова Петербургда ушбу соҳада 10 мингга яқин мигрант ишлашини маълум қилди.
Асосий қисми соч олдириш 300–500 рубль турадиган эконом-сегмент сартарошхоналарида меҳнат қилади. Садыкованинг сўзларига кўра, бундай муассасалар ходимларининг тахминан 90 фоизи Марказий Осиёдан келганлардир. Барбершопларда эса ходимларнинг қарийб 70 фоизи Ўзбекистон фуқароларидир.
Шу билан бирга, шаҳардаги бьюти-хизматлар бозорининг тахминан 70 фоизи шаҳар аҳолисининг салмоқли қисми фойдаланадиган эконом-сегментга тўғри келади.
Ассоциацияда тақиқ жорий этилганидан кейин хорижлик ходимлар ўрнини босиш осон бўлмаслигидан хавотирда. Декабргача янги усталарни топиш ва тайёрлаш деярли имконсиз: ҳатто бошланғич ўқув курслари ҳам олти ойга яқин давом этади.
"Бу маҳаллий аҳоли навбатда турган соҳа эмас. Петербурглик усталар эконом-сегментга бормайди, бу оғир меҳнат. 500 рублга соч олдириш — бу кун бўйи оёқда туриш дегани", — деб тушунтирди Садыкова.
У, шунингдек, гўзаллик индустрияси янги чекловларсиз ҳам патент ва солиқ тизимларидаги ўзгаришлар сабабли молиявий қийинчиликларга дуч келаётганини таъкидлади.
Қайд этамиз, Россияда Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Молдова, Абхазия ва Грузия фуқаролари патент расмийлаштиришлари шарт. Петербургда унинг қиймати 2026 йилда 8 минг рублни ташкил этади. 2027 йилда уни 11,6 минг рублга ошириш режалаштирилган.
Хорижда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг ярмидан кўпи Россияда бўлиб турибди. РФ ТИВ мамлакатни Марказий Осиёдан келган мигрантлар учун энг йирик меҳнат бозори деб атади.

