Петербургда мигрантларга савдо, фитнес-марказлар ва салонларда ишлаш тақиқланиши мумкин

Санкт-Петербургда патент асосида ишлайдиган чет эл фуқароларининг ишга жойлашиши тақиқланадиган соҳалар рўйхати сезиларли даражада кенгайтирилиши мумкин. Бу чекловлар, жумладан, Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли бўлади.
Рўйхатга озиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдоси, фитнес-марказлар ва спорт клублари, сартарошхоналар, гўзаллик ва массаж салонларини қўшиш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, тақиқ санаторий-курорт ташкилотлари, санитария-эпидемиология хизматлари ва суд-тиббий экспертиза муассасаларига ҳам жорий этилиши мумкин. Агар ҳужжат қабул қилинса, иш берувчиларга штат таркибини янги талабларга мувофиқлаштириш учун 2026 йил 1 декабргача муддат берилади.
Гап фақат Россияда патент асосида ишлайдиган чет элликлар ҳақида бормоқда. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари фуқароларига, шунингдек, яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет элликларга бу чекловлар татбиқ этилмайди. Ҳозирги вақтда Петербургда патент асосида ишлайдиган чет элликларни такси ва курьерлик етказиб бериш хизматларига жалб қилиш тақиқи аллақачон амал қилмоқда.
Бундан олдин Ўзбекистон ва Россия РФга ишга кетаётган фуқаролар учун комплекс марказ ташкил этишни муҳокама қилган эди. У ерда ҳали жўнаб кетишдан олдин тест синовлари, тиббий кўрик, биометрия, дактилоскопия ва ҳужжатларни текширишдан ўтказиш режалаштирилмоқда.

