Санкт-Петербургда мигрантлар учун тақиқланган иш соҳалари рўйхати кенгайтирилади
Тақиқланган соҳалар рўйхатига чакана савдони киритиш таклиф қилинмоқда - мигрантлар озиқ-овқат дўконлари ва универмаг, мева, гўшт ва балиқ расталари, нонвойхоналар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш шохобчаларида ишлай олмайди.

Санкт-Петербургда мигрантлар учун тақиқланган иш соҳалари рўйхати кенгайтирилади
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти патент асосида ишлайдиган мигрантлар меҳнати тақиқланадиган соҳалар рўйхатини яна кенгайтиришга тайёрланмоқда.
Ҳужжатга кўра, хорижликлар учун аллақачон ёпилган такси ва курьерлик хизматларига яна бир қатор бошқа йўналишлар қўшилади.
Тақиқланган соҳалар рўйхатига чакана савдони киритиш таклиф этилмоқда — мигрантлар озиқ-овқат дўконлари ва универмагларда, мева, гўшт ва балиқ расталарида, нонвойхоналар ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган шохобчаларда, шунингдек, фитнес марказлари, спорт клублари, санаторийлар, санитария-эпидемиология хизмати ва суд-тиббий экспертиза ташкилотларида, сартарошхона, гўзаллик ва массаж салонларида ишлай олмайди.
Гап айнан патент асосида ишлайдиганлар учун тақиқ ҳақида кетмоқда. Бу ҳужжат чет эл фуқаросининг Россиянинг муайян ҳудудида ишлаш ҳуқуқини тасдиқлайди.
Чекловлар ЕОИИ мамлакатлари — Беларус, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон фуқароларига татбиқ этилмайди. Ушбу давлатлар фуқароларига Россияда ишга жойлашиш учун патент ёки ишлаш рухсатномаси талаб қилинмайди. Улар белгиланган квота бўйича ишлаш рухсатномасини олади.

