Дунё

Санкт-Петербургда мигрантларга дўкон ва салонда патент асосида ишлаш тақиқланди

Губернатор Александр Бегловнинг қарори билан 2026-йил учун чет эллик ищиларни патент асосида жалб қилиш тақиқланган фаолият турлари рўйхати кенгайтирилди.

Санкт-Петербургда мигрантларга дўкон ва салонда патент асосида ишлаш ман этилди

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги дўконлар, гўзаллик ва массаж салонлари ҳамда сартарошхоналарда 2026-йил охиригача чет элликларни патент асосида ишга олиш тақиқлангани ҳақида Интерфакс шаҳар маъмуриятига таяниб хабар берди.

Бу чекловлар Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар — Беларус, Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон — фуқароларига ҳамда ишлаш учун рухсатномага эга бўлган чет элликларга, жумладан, юқори малакали мутахассисларга татбиқ этилмайди.

Губернатор Александр Беглов қарори билан 2026-йил учун чет эллик ищиларни патент асосида жалб қилиш тақиқланган фаолият турлари рўйхати кенгайтирилди.

Хабарда айтилишича, рўйхатга чакана савдо, жисмоний тарбия ва соғломлаштириш, тиббиёт соҳасидаги айрим йўналишлар, шунингдек, гўзаллик салонлари ва сартарошлик хизматлари билан боғлиқ фаолият турлари киритилган.

Тиббиёт соҳасидаги фаолият турлари орасида, хусусан, массаж салонлари ва санаторийлар фаолияти ҳам бор.

Тадбиркорларга ходимлар сонини янги талабларга мослаштириш учун 15-декабргача вақт берилди.

Расмийлар бу тақиқ «иш ўринлари биринчи навбатда Россия фуқаролари, жумладан, ёшлар ва талабалар учун яратиладиган шаффоф ҳамда тартибга солинадиган меҳнат бозорини» шакллантиришга ёрдам беришига умид қилмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, 2025-йил декабр ойида Беглов 2026-йил охиригача мигрантларни патент асосида такси ҳайдовчиси ва курьерлик ишларига жалб қилишни тақиқлаш ҳақидаги қарорни имзолаган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.