Маҳаллий

Панжара ортидаги пушаймонлик (видео)

Ҳибсхонадаги муҳитни сўз билан ифодалаш қийин. Бу ердаги ҳар бир юзда айтилмаган ҳикоя, ҳар бир

**Панжара ортидаги пушаймонлик (видео)**

Темир эшикнинг оғир ёпилган овози одамнинг юрагини беихтиёр сиқиб қўяди. Унинг ортида қолган сукунат эса бундан ҳам оғирроқ. Бу ерда ҳар бир дақиқа чўзилгандек, ҳар бир кун соғинч ва изтироб ичида ўтади.

Бундан икки йилча аввал Бухоро шаҳридаги ҳибсхоналардан бирида маҳкумлар билан учрашган эдик. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти олтинчи минтақавий ҳудуд 4-сон тергов ҳибсхонасида бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда ҳам худди шундай туйғуни ҳис қилдик.

Учрашув Бухоро вилояти ёшлар ишлари бошқармаси томонидан ташкил этилди. Унда масъуллар ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат қилиши ва жамиятда муносиб ўрин топиши учун яратилаётган имкониятларни таъкидлаб, ҳар бир имкониятдан тўғри фойдаланишга чақирди.

Бугун ёшлар учун очилаётган эшиклардан фойдаланмай, бир лаҳзалик хатонинг ортидан умрининг энг қимматли йилларини панжара ортида ўтказиш — қайтариб бўлмас йўқотишдир.

Ҳибсхонадаги муҳитни сўз билан тасвирлаш қийин. Бу ердаги ҳар бир юзда айтилмаган ҳикоя, ҳар бир нигоҳда пушаймонлик бор. Кечагина ота-онасининг эркатойи, кимнингдир орзуси, севгилиси, кимнингдир фарзанди бўлган йигитлар бугун темир панжаралар ортида. Уларнинг айримлари ҳали ҳаётнинг, ҳатто ўспиринлик йилларини ҳам яшаб улгурмаган. Афсуски, биргина нотўғри қарор, оқибациз дўстлар, биргина эҳтиёциз қадам уларнинг тақдирини ўзгартириб юборган.

Суҳбат давомида маҳкумларнинг кўзларида пушаймонлик фарёд қиларди. Афсуски, уларнинг мунг ва аччиқ ёшга тўла кўзларини кўрсата олмаймиз. Юракларни сел қилиб юборадиган бу кўзёшлар бирининг бошини эгди, бирини сўзсиз қолдирди. Бири ота-онасини тилга олганда, овози титради. Яна кимдир фарзандларини соғинганини яшира олмади. Энг оғриқлиси, уларнинг кўпчилиги озодликнинг оддий нарса эмаслигини англаб етган.

Ташқарида биз оддий деб қабул қиладиган нарсалар бор: эрталаб кўзни очиб, она овозини эшитиш, кўчага бемалол чиқиш, дўстлар билан учрашиш, фарзандларингни бағрингга босиш, истаган жойингга бориш... Бу ерда эса ана шу оддий ҳаётнинг ўзи катта орзуга айланган.

“Агар вақтни ортга қайтаришнинг иложи бўлганда эди...”

— деган мазмундаги гаплар суҳбатлар орасида қайта-қайта такрорланди.

Аммо вақт ортга қайтмайди. Маҳкумлар қилган ишининг жазосини ўташи мумкин. Лекин йўқотилган йилларни, ота-онанинг қаришини, фарзандининг улғайиб қолганини ортга қайтариб бўлмайди.

Панжара ортидаги муҳит кишини ўйга толдиради. Бу ерда жазо фақат темир эшиклар ва чекланган ҳаракат эмаслигини англайсиз. Энг оғир жазо — яқинлардан узоқлик, ўз қилмишингиз билан ёлғиз қолиш, хатонгизни англашдир.

Такрор айтамизки, маҳкумлар орасида ёшларнинг борлиги яна-да оғир таассурот қолдиради. Чунки ёшлик адашиш учун эмас, орзу қилиш, мақсадлар сари интилиш, касб эгаллаш, илм ўрганиш, ҳаёт қуриш учун берилган давр. Бироқ нотўғри танланган муҳит, назорациз қолган истак, ёмон дўст ёки бир лаҳзалик нафс гоҳида инсонни йиллар давомида пушаймон бўлиб яшашга мажбур қилади.

Келинг, яхшиси, уларнинг сўзлари — пушаймонликларини ўзлари билан кечган суҳбатдан эшитайлик.

«Ҳаётимда мен бошқа дўст кўрмадим.

Мен маҳкум Давронбек Орифжонов, Фарғона вилоятиданман, вақтинчалик жазо муддатимни шу ерда ўтаб келяпман. Менга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251-моддаси, 5-қисми билан беш йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Жараён шундай давом этади. 16 ой ўтди, 4 ойдан кейин колонияга йўл.

– Бу ерда ўтказган вақтингизда сиз ўзингизда нималарни ўзгартирдингиз?

Нималарни ўзгартирдим, нималарни тушуниб етдим?

– ўйчан сўзлади суҳбатдош,

– биринчи ўринда, одам «ташқари»да қадрига етмаган нарсаларни қадрига етишни ўрганар экан бу ерда. Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан, деб бежизга айтишмаган экан. Озодликни қадрига етмаган эканмиз. Шароитни ёмон, демайман. Аммо барибир, озодлик бўлмагач, ҳеч нарса татимайди.

– Сизнингча, жиноятга етакловчи омил нима? Атрофми, нотўғри танланган дўстларми ёхуд пул етишмовчилигими? Нима?

Ён-атроф... нотўғри дўстлар... Сизни шу ергача олиб келар экан.

Қўлимда дастагул,

Қизил, оқ, пушти.

Ифори таралиб,

Оларди ҳушни.

Қувонсин, севинсин,

Онамнинг кўнгли.

Бу кунлар онамга қимматга тушди.

Эй-й, осон бўлмади,

Баланду пасти...

Бу кунлар онамга қимматга тушди...»

«Бундай жойларни душманимга ҳам раво кўрмайман»

Темир панжаралар ортидаги кейинги суҳбатдошнинг нигоҳида ҳали 24 ёшга ҳам етмаган умрнинг оғирлиги бор. У бу ерга бир йил аввал келган экан. Ўша бир йил ичида озодликнинг қадрини, ота-онанинг меҳрини ва биргина нотўғри қадам инсон ҳаётини қай даражада ўзгартириб юборишини англаб етган.

– Мен Фарҳод Камолиддинов, Тошкент вилояти, Зангиота туманида туғилиб ўсганман. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси билан беш йилу олти ойга озодликдан маҳрум этилганман.

Фарҳоднинг гапларида ўзини оқлашга уриниш йўқ. Аксинча, ҳар бир сўзида қилган иши учун пушаймонлик сезилади.

Бир йил давомида ўзимга кўп хулосалар чиқардим. Энди бундай жиноятларга яқинлашмасликка, тўғри йўлдан юришга ҳаракат қиламан. Инсон озодликда юрганда, кўп нарсанинг қадрига етмас экан. Кўчага бемалол чиқиш, яқинларинг билан бирга бўлиш, ҳоҳлаган жойингга бориш — буларнинг бари неъмат экан.

Фарҳоднинг айтишича, уни жиноятга олиб борган сабаблардан бири оиладаги етишмовчилик бўлган. У дўкондан телефон ўғирлаган. Бу унинг ҳаётидаги биринчи жиноят эди. Аммо ўша бир хато уни беш йилдан ортиқ вақтга озодликдан маҳрум қилди.

Оилавий шароит, етишмовчилик таъсир қилдими, йўлдан адашдим. Билиб-билмай... пушаймонлигимни қандай тушунтиришни ҳам билмайман. Ҳаддан зиёд виждон азобидаман.

У уч нафар фарзанднинг кенжаси. Икки опаси ва ўзи. Ташқарида эса уни яқинлари, жигарлари кутаяпти.

Жазо муддатим тугаганда, тенгдошларимнинг кўпчилиги ҳаётда ўз ўрнини топган бўлади. Кимдир касб эгаллайди, кимдир оила қуради. Яна кимдир катта мақсадлар сари қадам ташлайди. Мен эса ўша пайтда ҳаётимнинг йўқотилган йилларини тўлдиришга уринаман...

Бу гапдан кейин бир зум сукут чўкди. 24 ёш — олдинда ҳали қанча йўл, қанча имконият бор. Аммо бу имкониятга етиб бориш учун аввал панжара ортидаги йилларни енгиб ўтиш керак.

Ҳаёт давом этади. Чиққанимдан кейин ўз карерамни қуришга, яхши ҳаёт кечиришга ҳаракат қиламан. Ватанимизга манфаат келтирадиган инсон бўлишни хоҳлайман.

Фарҳод тенгдошларига мурожаат қилганда, овози янада жиддийлашди.

Уларга айтадиган гапим шу: бундай ишларга «тушиб» қолманглар, бундай жойларга келманглар. Мен бу ерга келганимдан кейин ўзимга катта хулоса чиқардим. Бундай жойларни душманимга ҳам раво кўрмайман. Балки ташқарида юрган одам учун озодлик оддий тушунчадир. Аммо темир эшиклар ортида қолган одам учун бу — энг катта орзу!

Маҳкумлар билан учрашувдан қайтар эканмиз, ортимизга қараймиз: оғир темир эшиклар ёпилди. Аммо унинг овози узоқ вақт хаёлдан кетмади. Балки бу учрашувнинг энг катта сабоғи ҳам шудир: ҳар биримиз ўз эркинлигимизнинг қадрини уни йўқотмасдан олдин англашимиз керак. Чунки баъзан бир лаҳзалик хато учун йиллар тўланади. Ва энг аянчлиси, ўша йиллар орасида инсоннинг умри панжара ортида қолиб кетади.

Бу учрашув шунчаки учрашув бўлмади: суҳбатлар, мулоҳазалар, ҳаётий мисоллар ва огоҳлантиришлар маҳкум ёшларни тўғри йўлга қайтиш, ўз хатоларидан хулоса чиқариш ва келажакка умид билан қарашга ундади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.