Маҳаллий

Бухорода талаба қизга «ишқнома» ёзган тютор қамалди ва ишдан бўшатилди

Ўқитувчиси томонидан келаётган смс ва овозли хабарлардан қўрқиб кетган талаба қиз унинг ҳаракатларидан норози бўлиб,

Бухорода талаба қизга «ишқнома» ёзган тютор қамалди ва ишдан бўшатилди

Ижтимоий тармоқларда «Бухорода талаба қизга шилқимлик қилган тютор қамалди» сарлавҳаси билан тарқалган хабар азалдан илму маърифат маскани бўлиб келган шариф шаҳар учун ёқимсиз ҳолатга айланди. Шу боис зудлик билан Бухоро вилояти суди ахборот хизмати раҳбари Феруз Шаропов билан боғландик.

Бизга тақдим этилган Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди қарори билан танишар эканмиз, мазкур ҳужжатда салоҳиятли илм қўрғонида ўқитувчининг ўз лавозими, мавқеи ва унга билдирилган ишонч қадрини йўқотганини кўрамиз.

Айтиш жоизки, ҳеч қандай лавозим, таниш-билиш ёки мавқе инсонга бошқа бир шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ҳуқуқини бермайди. Айниқса, таълим соҳасида ишлайдиган ҳар бир ходимнинг масъулияти жуда катта. Талаба ўқитувчидан фақат фан бўйича билим олмайди, балки унинг муомаласи, маданияти, одоби ва атрофдагиларга муносабатидан ҳам ўрнак олади. Ваҳоланки, ўқитувчи ва талаба ўртасидаги ишонч жуда нозик тушунча бўлиб, у бузилса, тиклаш осон эмас.

Судя Фаррух Қаҳҳоров раислигида Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилган маъмурий иш ҳам бунга яққол мисол бўлди.

Суд қарорида маълум бўлишича, асли Жондор туманидан бўлган, Осиё Халқаро университетида тютор вазифасида ишлаб келаётган А.А. кечки пайт университет талабаси G.Sh.га телефон орқали қўнғироқ қилган. Суҳбат давомида унга ишқий муносабат ва жинсий яқинликни таклиф этган.

Шунингдек, у ўз талабасига номақбул бўлган, унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган сўзларни ҳам айтган. Энг оғриқли жиҳати шундаки, бу оддий икки инсон ўртасидаги суҳбат эмас, улар орасида ўқитувчи ва талаба муносабати мавжуд бўлган.

Ўқитувчисидан келаётган смс ва овозли хабарлардан қўрқиб кетган талаба қиз унинг ҳаракатларидан норози бўлиб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишини қайта-қайта билдирган. Шунга қарамасдан, А.А. талаба қизга «ишқнома»лар ёзиб, узлуксиз қўнғироқлар қилишни тўхтатмаган.

А.А. судда ўз қилмишини тан олган. У ўша куни спиртли ичимлик истеъмол қилгани сабабли маст ҳолатда бўлганини, айтган гапларидан пушаймонлигини, жабрланувчилардан кечирим сўраганини ва бундан буён бундай ҳолат такрорланмаслигини билдирган. Суд ҳужжатларида келтирилган «шунчаки қўнғироқ қилдим», «шунчаки гаплашдим», «маст эдим» деган баҳоналар эса ўз талабаси қалбига етказилган ноқулайликни бекор қила олмайди.

— Маст ҳолат айбдорни ўз ҳаракатлари учун жавобгарликдан озод қилмайди, аксинча, суд мазкур ҳолатни ҳуқуқбузарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолайди, — дейди судя.

Судя Фаррух Қаҳҳоров қарор қабул қилишда фақат ҳуқуқбузарлик содир этилганини эмас, балки унинг олдини олиш заруратини ҳам инобатга олган. А.A.ning айбига иқрорлигини енгиллаштирувчи ҳолат, маст ҳолда ҳуқуқбузарлик содир этганини эса оғирлаштирувчи ҳолат, деб баҳолаган.

Натижада айбдор Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 411-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилган ва унга нисбатан уч сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Бу воқеа яна бир ҳақиқатни эслатади: инсоннинг обрўси йиллар давомида шаклланади, уни йўқотиш учун эса биргина нотўғри қарор кифоя. Шу сабабли ҳар қандай лавозим эгаси, айниқса, ёшлар билан ишлайдиган мутахассис ўз ҳаракатларига икки карра масъулият билан ёндашиши керак.

Осиё Халқаро университети ректорининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ўз хатти-ҳаракатини бошқара олмаган А.А. зудлик билан ишдан бўшатилган. «Ҳеч қачон бундай шахслар ишда қололмайди», — деди ректор.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.