Бухорода ноқонуний балиқ ови судгача етиб борди
Бухоро вилояти суди ахборот хизмати раҳбари Феруз Шароповнинг «Xabar.uz»га билдиришича, айбдорлар қонунни бузиб, табиат бойликларига

Бухорода ноқонуний балиқ ови билан боғлиқ иш судга оширилди.
Воқеа Пешку туманидаги «Жонгелди» МФЙ ҳудудида жойлашган «Қорақир-1» контуридаги табиий сув ҳавзасида ўтказилган экологик назорат рейди чоғида аниқланган. Рейд давомида С.С. ва А.Ж. исмли икки фуқаро сув ҳавзаси қирғоғида лескали тўрларга илинган балиқларни тераётган вақтда қўлга олинган. Уларнинг ёнидан балиқ овлашда ишлатиладиган тўрлар ва резина қайиқ топилган. Текширувлар натижасида улар томонидан 650 дона орол чавоқ балиғи ноқонуний равишда овлангани маълум бўлган.
Жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди судяси Фаррух Икромовнинг сўзларига кўра, экологик органларнинг ҳисоб-китобига кўра, айбдорларнинг табиатга етказган зарари 267 миллион 800 минг сўмни ташкил этади. Дастлабки терговда судланувчиларнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси, 4-қисми билан жуда кўп миқдордаги ўғрилик сифатида баҳоланган. Суд ишга доир материалларни чуқур таҳлил қилиб, «Пешку балиғи» МЧЖ «Қорақир» сув ҳавзасининг 1961 гектар сув майдонини ижарага олганини аниқлаган. Бироқ, мазкур жамият саноат усулида балиқ овлашга тегишли квотага эга бўлмагани ҳам маълум бўлган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 9-февралдаги 80-сонли қарори билан тасдиқланган қоидаларга асосан, табиий сув ҳавзаларида яшовчи балиқлар давлат мулки ҳисобланади.
Суд иши давомида яна бир ҳолат юзага чиққан. Ҳодиса жойидан 1 дона резина қайиқ ва 35 дона лескали тўрдан ташқари, жами 1077 дона, жумладан, 983 дона орол чавоқ балиғи ва 94 дона орол мой балиғи топилган. Бироқ, судда 3 та қопдаги 333 дона орол чавоқ ва 94 дона орол мой балиғи ҳамда 25 дона тўр айнан С.С. ва А.Ж. томонидан овлангани ишончли далиллар билан исботланмаган. Сабаби, рейд вақтида воқеа жойидан моторли қайиқда кетиб қолган фуқаронинг шахси аниқланмаган ва айбдорлар ҳам уларни танимаслигини, ҳатто эътибор қаратишмаганини билдирганлар. Шунга кўра, суд Конституция ва Жиноят-процессуал кодексида белгиланган «бартараф этиб бўлмайдиган шубҳалар судланувчи фойдасига ҳал қилинади» деган ҳуқуқий принсипни қўллаган. Шу сабабли, мазкур қисм судланувчиларнинг айбловидан чиқарилган.
Суд ҳукмига кўра, С.С. ҳамда А.J.ning ҳар бирига 4 йил озодликдан чеклаш ва 2 йил ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган. Бундан ташқари, табиатга етказилган 276 миллион 800 минг сўм зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.

