Деновда уйи бузилган оила суғориладиган ерни ноқонуний эгаллагани учун бир неча бор огоҳлантирилган — Олий суд

Деновда уйи бузилган оила суғориладиган ерни ноқонуний эгаллагани учун бир неча бор огоҳлантирилган — Олий суд
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ва ёрдамчи биноларнинг бузилиши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Олий суд матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан баёнот бериб, суднинг бундай қарор қабул қилиш сабабларини тушунтирди.
8-август куни ижтимоий тармоқларда Деновда фуқаронинг уйи Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан огоҳлантиришсиз бузилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. МИБ маълумотларига кўра, уй-жой Денов туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судининг 2025-йил 29-декабрдаги ижро ҳужжати асосида бузилган.
Суд қарорига биноан, Денов тумани Ғалаба массиви Чуқурқишлоқ маҳалласида жойлашган “Раҳмон Тараққиёт Омад Чорвачилик Боғдорчилик” корхонасига тегишли бўлган 0,20 гектар суғориладиган экин ери ўзбошимчалик билан эгалланган. Ушбу ҳудудда қурилган уй-жой ва ёрдамчи биноларни бузиш ҳамда ер майдонини асл ҳолатига келтириш белгиланган.
Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, Абдусалом Аҳмадов ва Насиба Чариева ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, унда уй-жой ва ёрдамчи бинолар қурган.
**Нега уй бузилган?**
Олий суд бу ҳолатда асосий масала ернинг суғориладиган қишлоқ хўжалиги ери эканлигини таъкидлади.
Қонунчиликка кўра, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари фуқароларнинг хусусий мулкига ўтказилиши мумкин эмас. 2024-йил 5-августдаги ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ва уларда қурилган бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисидаги қонунда ҳам бундай ерлар бўйича чекловлар белгиланган.
Олий суд баёнотида суғориладиган ерлар мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги учун муҳим эканлиги қайд этилди.
Шунингдек, мазкур ер расман “Раҳмон Тараққиёт Омад” корхонасига тегишли бўлган. Шу сабабли ерни ноқонуний эгаллаш нафақат давлат манфаатларига, балки ундан қонуний фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган корхонанинг ҳуқуқларига ҳам дахлдор эканлиги таъкидланган.
**Қурилишдан олдин бир неча бор огоҳлантирилган**
Олий суд маълумотларига кўра, жавобгарлар ерни эгаллаб, қурилиш ишларини олиб бориш жараёнида масъул органлар, кадастр, маҳалла ва ер тузиш хизмати томонидан бир неча марта огоҳлантирилган.
Яъни, суд қарорида уй-жойни бузиш чораси ҳуқуқбузарлик аниқланган заҳоти қўлланмагани қайд этилган. Аввал қонунбузарликни бошқа йўллар билан бартараф этиш чоралари кўрилган.
Суд фақат бошқа чоралар натижа бермаган, ернинг суғориладиган қишлоқ хўжалиги ери эканлиги ва унинг тоифасини ўзгартириш мумкин эмаслиги аниқланган ҳолатдагина бузиш каби қатъий чорани қўллаган.
**Аёл ноқонуний ер эгаллагани учун жиноий жавобгарликка тортилган**
Олий суд матбуот хизмати маълумотларига кўра, Насиба Чариева суғориладиган ер участкасини ноқонуний эгаллаб олгани учун жиноий жавобгарликка ҳам тортилган.
Суд қарори кучга кирган. Бироқ 2026-йил 13-март куни тафтиш инстансияси инсонпарварлик нуқтайи назаридан қарор ижросини вақтинча тўхтатиб турган.
Олий суд баёнотида қайд этилишича, аризачига қонунбузарлик оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этиш учун қарийб икки йилга яқин имконият берилган.
Шундан сўнг суд ҳужжати ижроси давом эттирилган. МИБ маълумотларига кўра, 7-август куни ноқонуний қурилмалар бузилиб, суд ҳужжати ижроси тўлиқ таъминланган.
**Оилага янги уй қуриб берилади**
Воқеадан сўнг Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов уйи бузилган эр-хотин билан учрашган. Фуқаронинг уй-жой масаласи эътибордан четда қолмаслиги ва манфаатлари таъминланиши мақсадида унга янги турар жой қуриб берилиши маълум қилинган.
Олий суд фуқароларни суғориладиган ерларни ноқонуний эгаллаб, уларда бино ва иншоотлар қуришнинг ҳуқуқий оқибатларидан огоҳлантирди.

