Сурхондарёда 11 ёшли ўғлини 40 млн сўмга сотмоқчи бўлган аёл 3,5 йилга қамалди

Сурхондарё вилоятида 11 ёшли ўғлини 40 миллион сўмга сотишга уринган аёл моддий қийинчиликлар туфайли 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Дарё” нашри суд ҳужжатларига таяниб хабар берди.
Суд ҳужжатларига кўра, айбланувчи аёл 2014-йилда туғилган ўғлини таниш аёлга 40 миллион сўмга сотишга келишган. Дастлабки келишувга кўра, 20 миллион сўм олдиндан берилиши, қолган маблағ эса бола харидор номига расмийлаштирилгач тўланиши белгиланган.
2026-йил 4-апрел куни Термиз шаҳридаги Ёшлар маркази яқинида ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида аёл ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Суд ҳужжатларида қайд этилишича, у учрашувга 2014-йилда туғилган ўғлини олиб келган. Харидор аёл унга олдиндан келишилган 20 миллион сўмни берган ва аёл пулни олиши билан ходимлар томонидан ушланган.
Айбланувчи аёл суддаги кўрсатмасида шундай деган: “Учрашувга кетишдан олдин ўғлимга: ъЎғлим, сени фарзандликка беряпман, сен яхши яшагинъ, дедим. Бу жиноятни иқтисодий қийинчилик, қарзларим кўплиги, яшаш учун уй-жойим йўқлиги ва оилам бузилгани сабабли содир этдим. Ҳеч бўлмаганда ўзим яратиб бера олмаган шароитда фарзандларим яхши яшашини ўйладим”.
Суд материалларида маълум қилинишича, болани олиши керак бўлган аёл бу таклиф ноқонуний эканини англаб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Шундан сўнг пулларга махсус кимёвий ишлов берилиб, учрашув назорат остида ўтказилган.
Суд аёлни Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “б” банди билан айбли деб топди. Унга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, 2014-йилда туғилган боланинг васийлигини белгилаш масаласи мутасадди идоралар зиммасига юклатилди.
Аввалроқ Фарғонада чақалоғини сотишга уринган эр-хотин 5 йилдан озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар берилганди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига кўра, одам савдоси учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Агар бу жиноят вояга етмаган шахсга нисбатан ёки бошқа оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса, айбдорга 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

