Ўзбекистонлик аёл Россиядаги сақлаш марказидан озод этилиб, фарзанди билан қайтарилди
Новосибирскда чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган ўзбекистонлик аёл ва меҳрибонлик уйидаги фарзанди дипломатлар кўмагида Ўзбекистонга қайтарилди. Бош консулхона бир кун ичида музокаралар ўтказиб, онанинг озод этилиши ва фарзанди билан бирлашишига эришган.

Ўзбекистонлик аёл Россиядаги сақлаш марказидан озод қилиниб, фарзанди билан бирга қайтарилди
«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, аёл Россия миграция қонунчилигини бузгани сабабли вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган эди. Унинг фарзанди эса Новосибирскдаги меҳрибонлик уйида бўлган.
Ўзбекистон Бош консулхонаси вакиллари сақлаш маркази ҳамда меҳрибонлик уйи раҳбарияти билан тезкор музокаралар олиб борган. Натижада аёл озод этилган ва унга ватанга қайтиш сертификати расмийлаштирилган.
Дипломатлар болани «Толмачёво» халқаро аеропортига олиб келиб, онасига топширган. Шундан кейин уларнинг Ўзбекистонга қайтишига ёрдам берилган.
Бош консулхона вакиллари сўнгги бир ҳафта ичида жами беш нафар боланинг Ўзбекистонга қайтишига кўмаклашган.

