Ўзбекистонда пенсияларни ҳисоблаш тартиби ўзгартирилади ва пенсия жамғармаларига қўшимча тўловлар жорий этилади
2027 йилдан бошлаб Ўзбекистонда пенсия тайинлашда ҳисобга олинадиган иш ҳақи даври босқичма-босқич 20 йилгача оширилади, бунда энг кам даромад олинган 10 фоизлик давр ҳисоб-китобдан чиқариб ташланади. Шу билан бирга, давлат ихтиёрий пенсия жамғамаларига қўшимча тўловларни бошлайди.

Ўзбекистонда пенсияларни ҳисоблаш тартиби ўзгартирилади ва пенсия жамғармаларига қўшимча тўловлар тўлана бошланади
2027 йилдан бошлаб Ўзбекистонда пенсияларни ҳисоблаш механизмини қайта кўриб чиқиш ва жамғариб бориладиган пенсия тизимини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Ушбу ўзгаришлар муҳокама учун эълон қилинган пенсия тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги президент фармони лойиҳасида кўзда тутилган.
2027 йил 1 январдан бошлаб пенсия тайинлашда ҳисобга олинадиган иш ҳақи даврини, у 20 йилга етгунга қадар, ҳар йили бир йилга ошириш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, ўртача иш ҳақини аниқлашда фуқаронинг энг кам даромад олган даврининг 10 фоизи ҳисоб-китобдан чиқариб ташланади.
Пенсия ёшига етганидан кейин ҳам ишлашни давом эттираётган юқори даромадли фуқаролар учун 2028 йил 1 апрелдан бошлаб пенсия биринчи марта тайинланаётганда ҳисобга олинадиган иш ҳақининг максимал миқдори оширилади.
Одатий тарзда пенсияга чиққанда, чекланган иш ҳақи миқдорини пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 бараваридан 13 бараваригача (6,048 млн сўмдан 6,552 млн сўмгача) ошириш таклиф қилинмоқда. Агар фуқаро пенсияга чиқишни олти ойга кечиктирса, чеклов 14 бараварни, бир йилга кечиктирганда эса 15 бараварни (7,56 млн сўмни) ташкил этади.
2027 йил 1 январдан бошлаб ўртача ойлик иш ҳақи пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваридан паст бўлган фуқароларга ихтиёрий пенсия жамғармалари учун давлат томонидан қўшимча тўлов ажратиш таклиф этилмоқда.
Агар фуқаро жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўз иш ҳақининг 5 фоизини мустақил равишда ўтказса, давлат бюджетидан унга киритилган сумманинг 50 фоизигача миқдорда қўшимча маблағ ўтказиб берилиши мумкин. Қўшимча тўлов миқдори табақалаштирилган бўлади.
Бундан ташқари, иш ҳақининг пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваридан ошадиган қисмидан, ижтимоий солиқ ҳисобидан 1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган ҳисобвараққа йўналтирилади. 2033 йилдан бошлаб ушбу кўрсаткични 2 фоизга, 2040 йилдан эса 3 фоизга етказиш режалаштирилган.
Фуқароларга пенсия жамғармаларини жойлаштириш учун инвестиция ва молиявий воситаларни танлашда иштирок этиш имконияти ҳам берилади. Олинган даромад уларнинг ҳисобварақларига ўтказилади.
2030 йилдан бошлаб жамғарилган маблағлардан нафақат пенсияга чиққандан кейин, балки оғир касалликларни даволаш ва ипотека бўйича бошланғич бадал учун ҳам фойдаланишга рухсат берилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб жамғариб бориладиган пенсия тизимини Халқ банкидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасига ўтказиш таклиф қилинмоқда.
Жамғариб бориладиган ҳисобварақлардаги маблағлар, жумладан, давлат қўшимча тўловлари, ижтимоий солиқ ҳисобидан ўтказилган маблағлар ва инвестиция даромадлари фуқаронинг шахсий мулки ҳисобланади. Ушбу маблағларни мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи сақланиб қолади.
2027 йил якунига қадар бадаллар ва жамғармалар тўғрисидаги маълумотлар Халқ банкининг ахборот тизимидан Пенсия жамғармаси тизимига босқичма-босқич ўтказилиши керак.
Шу билан бирга, расмийлар хусусий ва корпоратив пенсия жамғармалари пайдо бўлиши учун ҳуқуқий база яратиш ниятида. Тегишли қонун лойиҳаси 2027 йил якунига қадар Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа билан 2028 йилдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили уч ойга ошириш таклиф этилмоқда. 2039 йилга келиб у эркаклар учун 63 ёшни, аёллар учун эса 58 ёшни ташкил этиши керак. Шу билан бирга, пенсия тайинлаш учун зарур бўлган минимал иш стажини 2034 йилга келиб 7 йилдан 15 йилгача ошириш режалаштирилмоқда.

