Кекса ёшдаги ходимлар учун қисқартирилган иш вақтини жорий этиш хоҳланмоқда
2027 йилдан бошлаб Ўзбекистонда 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклар учун ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда қисқартирилган иш вақтини белгилаш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилганларни ижтимоий солиқни мажбурий тўлашга ўтказиш, бизнес учун амалдаги имтиёзларни эса 2030 йилдан бошлаб бекор қилиш режалаштирилмоқда.

Кекса ходимлар учун қисқартирилган иш вақтини жорий этиш хоҳланмоқда
2027 йил 1 январдан Ўзбекистонда 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклар учун ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда қисқартирилган иш кунини белгилаш таклиф этилмоқда. Бундай чора пенсия тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги президент фармони лойиҳасида кўзда тутилган.
Ҳужжатда, шунингдек, ўзини ўзи банд қилганлар учун ўзгартиришлар ва ижтимоий солиқ бўйича имтиёзларни бекор қилиш ҳам кўзда тутилган.
2027 йилдан бошлаб ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий солиқни тўлашнинг қатъий тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бунда уларга тўловларни йил давомида қисмлаб ўтказишга рухсат берилади.
Ўзини ўзи банд қилганлар томонидан тўланган ижтимоий солиқнинг 10 фоизи Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига йўналтирилади.
Ушбу маблағлар ҳисобидан уларга ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари тўланиши мумкин бўлади.
Жорий йилнинг июль ҳолатига кўра, мамлакатда 2,8 млн ўзини ўзи банд қилган шахс рўйхатга олинган бўлиб, улардан қарийб 800 минг нафари ёки 30 фоизи ихтиёрий равишда пенсия бадалларини тўлаган. Ҳозирда ўзини ўзи банд қилган шахс бир базавий ҳисоблаш миқдорини — 412 минг сўмни тўлаб, пенсия тайинлаш учун бир йиллик иш стажига эга бўлиши мумкин. Эндиликда бу тўловлар мажбурий бўлади.
Лойиҳада, шунингдек, корхона ва ташкилотларга ижтимоий солиқ бўйича янги имтиёзлар бермаслик таклиф этилмоқда. Амалдаги имтиёзларни эса 2030 йил 1 январдан бошлаб бекор қилиш режалаштирилган.
Бугунги кунда иш берувчилар учун стандарт ставка 12 фоизни ташкил этади, бироқ қатор корхоналар учун пасайтирилган ставкалар ёки солиқдан озод қилиш амал қилмоқда.
Уларнинг айримлари солиқдан тўлиқ озод қилинган, бошқалари эса уни 1 фоиз ставкада тўлайди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил 1 декабрга қадар давлат ва жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунларга, шунингдек, Солиқ кодексига ўзгартиришлар тайёрлаши керак.
Алоҳида тартибда «Pensiya» мобил иловасини яратиш кўзда тутилган. У орқали фуқаролар онлайн тарзда пенсия давлат хизматларини олишлари, стаж ва даромадларини текширишлари, бўлажак пенсия миқдорини ҳисоблашлари ва пенсия жамғармаларини бошқаришлари мумкин бўлади.
Иловани 2027 йил апрель ойида ишга тушириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа билан 2028 йилдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили уч ойга ошириш таклиф этилмоқда. 2039 йилга бориб у эркаклар учун 63 ёшни, аёллар учун эса 58 ёшни ташкил этиши керак. Шу билан бирга, пенсия тайинлаш учун минимал иш стажини 2034 йилга бориб 7 йилдан 15 йилгача ошириш режалаштирилмоқда.
2027 йилдан бошлаб Ўзбекистонда пенсия тайинлашда ҳисобга олинадиган иш ҳақи даври босқичма-босқич 20 йилгача оширилади ва ҳисоб-китобдан энг кам даромад олинган 10 фоиз давр чиқариб ташланади. Шу билан бирга, давлат ихтиёрий пенсия жамғармаларига қўшимча тўловларни бошлайди.

