Ўзбекистонда техникум ўқувчилари ҳам хорижда ишлаб, қўшимча даромад топиши мумкин бўлади
2026/2027-ўқув йилидан бошлаб техникумларнинг ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурларида таълим олаётган ўқувчиларга ҳам Ворк анд Травел халқаро дастурлари доирасида хорижий давлатларда ишлаш ва саёҳат қилиш имконияти яратилади.

Ўзбекистонда техникум ўқувчилари ҳам хорижда ишлаб, қўшимча даромад олиш имконига эга бўлади
Ўзбекистонда техникум ўқувчилари ҳам Ворк анд Травел халқаро дастурида қатнашади.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий ва инновацион йўналишда фаолият юритувчи субьектларнинг реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори тасдиқланди. Ҳужжатга кўра, 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб техникумларнинг ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурларида таҳсил олаётган ўқувчиларга ҳам Ворк анд Травел халқаро дастурлари доирасида хорижий давлатларда ишлаш ва саёҳат қилиш имконияти яратилади.
Дастур доирасида Европа Иттифоқи давлатлари, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландияда ишлаш ва саёҳат қилиш учун бориш-келиш ҳамда бошқа харажатларни қоплаш мақсадида ссуда ажратиш тартиби жорий этилади.
Касбий таълим жараёнларини бошқариш — ЭМИС РТ ахборот тизимида техникум номи, манзили, коди, касб ва мутахассислик йўналиши, босқичи, таълим шакли, ўқувчининг мақоми ҳамда баҳолари ҳақидаги маълумотларни акс эттириш белгиланган.
Миграция агентлиги ҳар йили 1-мартга қадар Ворк анд Травел халқаро дастурлари доирасида хорижий давлатларда ишлаш ва саёҳат қилиш учун хорижий иш берувчилар билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаш чораларини кўради.
2025-йилда Ўзбекистондаги олийгоҳ талабалари учун “Ишла ва саёҳат қил” (Ворк анд травел) дастури жорий этилганди. Дастур доирасида ишлаш ва саёҳат қилиш учун хорижга бориш ва келиш ҳамда бошқа харажатларни қоплаш мақсадида талаба ёшларга ссуда ажратиш йўлга қўйилганди.
Шавкат Мирзиёевнинг 2026-йил 24-феврал куни ёшлар билан мулоқотида худди олийгоҳ талабалари каби техникум ўқувчилари учун ҳам Ворк анд травел дастури асосида олти ой давомида хорижда ишлаб, қўшимча даромад топиш имконияти яратилиши маълум қилинганди.

