Ўзбекистондаги хорижий талабаларнинг ярмидан кўпи ҳиндистонликлар, уларнинг асосий қисми тиббиёт йўналишида таҳсил олади
Ўзбекистонда 2025-йил ҳолатига 24 647 нафар хорижий талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 13 060 нафари — Ҳиндистон, 4884 нафари эса Туркманистон фуқаролари. Талабаларнинг 46,9 фоизи Тошкентда, асосий қисми эса 17−25 ёш оралиғида таҳсил олади. Уларнинг асосий қисми тиббиёт йўналишида ўйимоқда.

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижий талабалар бўйича таҳлил эълон қилди. Унга кўра, 2025-йил ҳолатига мамлакат олий таълим муассасаларида 24 647 нафар хорижий талаба ўқимоқда.
Хорижий талабалар уч гуруҳга бўлинган: Т₁, Т₂ ва Т₃. Уларнинг 16 175 нафари (65,6 фоизи) Т₃ гуруҳига, яъни Жаҳон банки таснифидаги бошқа давлатлар фуқароларига тўғри келади. Марказий Осиё давлатлари фуқаролари бўлган Т₂ гуруҳига 7323 нафар (29,7 фоиз) талаба киради. Юқори даромадли давлатлар фуқароларини ўз ичига олган Т₁ гуруҳида эса 1149 нафар (4,7 фоиз) талаба бор.
Таҳлилга кўра, Т₃ гуруҳининг кўплиги Жанубий Осиё мамлакатларидан, айниқса, тиббиёт йўналишларига бўлган юқори талаб билан изоҳланади. Т₂ гуруҳи улушининг салмоқлилиги эса Марказий Осиё мамлакатлари билан таълим ҳамкорлиги, географик яқинлик, тарихий-маданий алоқалар ва талабалар академик мобиллигининг юқори даражаси билан боғлиқ.
Агентлик таҳлилида қайд этилишича, Т₁ гуруҳига мансуб юқори даромадли давлатлардан келган талабалар улушининг нисбатан пастлиги олий таълим ташкилотларининг ушбу мамлакатлар таълим бозоридаги иштирокини кенгайтириш, халқаро академик нуфузини ошириш ва таълим хизматларини диверсификация қилиш зарурлигини кўрсатади.
Хорижий талабалар контингенти 50 дан ортиқ давлат фуқароларидан шаклланган бўлса-да, таркиб бир хил эмас. Энг катта улуш Ҳиндистон фуқароларига тўғри келиб, уларнинг сони 13 060 нафарни, яъни умумий контингентнинг ярмидан ортиғини ташкил этади.
Кейинги ўринларда Туркманистон (4 884 нафар), Покистон (1 165 нафар) ва Қозоғистон (1 129 нафар) фуқаролари қайд этилган. Шунингдек, Россия (863 нафар), Тожикистон (740 нафар), Қирғиз Республикаси (571 нафар), Хитой (564 нафар), Миср (482 нафар), Озарбайжон (217 нафар), Жанубий Корея (190 нафар), Иордания (157 нафар) ва Афғонистон (147 нафар) фуқаролари ҳам таҳсил олмоқда.
Таҳлилга кўра, бу ҳолат Ўзбекистон олий таълим тизими хорижий талабаларни жалб қилишда тобора кенгроқ халқаро қамровга эга бўлиб бораётганини кўрсатади. Шу билан бирга, оқим ҳозирги босқичда асосан Жанубий Осиё ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ҳисобига шаклланмоқда — Ҳиндистон фуқароларининг юқори улуши тиббиёт таълимига бўлган халқаро талаб билан, минтақа давлатлари фуқароларининг салмоқли иштироки эса географик яқинлик ва академик мобиллик билан изоҳланади.
Хорижий талабаларнинг 11 556 нафари, яъни 46,9 фоизи Тошкент шаҳрида таҳсил олмоқда — бу контингентнинг қарийб ярми пойтахтда жамланганини англатади. Кейинги ўринларда Самарқанд (4 382 нафар), Бухоро (2 879 нафар), Фарғона (1 809 нафар), Андижон (1 495 нафар) ва Хоразм (1 407 нафар) вилоятлари туради.
Ушбу олти ҳудуд жами хорижий талабаларнинг 95,5 фоизини, яъни 23 528 нафарини қамраб олади. Қолган ҳудудларда кўрсаткич сезиларли даражада паст — Сурхондарёда 394, Тошкент вилоятида 183, Наманганда 176, Сирдарёда 141, Навоийда 114, Қашқадарёда 72, Жиззахда 23, Қорақалпоғистонда эса атиги 16 нафар хорижий талаба қайд этилган.
Хорижий талабалар сони энг юқори бўлган 10 та олий таълим ташкилоти ҳиссасига 20 200 нафар, яъни умумий контингентнинг 81,96 фоизи тўғри келади. Таълим йўналишлари бўйича асосий консентрация тиббиёт соҳасида кузатилиб, бу йўналишдаги олий таълим ташкилотларида 15 656 нафар хорижий талаба таҳсил олмоқда. Бу кўрсаткич — тиббиёт ОТМларида таҳсил олаётган барча талабалар (маҳаллий ва хорижий) умумий сонининг 14,32 фоизини ташкил этади.
Шунингдек, хорижий талабаларнинг 22 685 нафари, яъни 92,04 фоизи давлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олмоқда. Бу контингентнинг мулкчилик шакллари бўйича ҳам нотекис тақсимланганини кўрсатади.
Таҳлил хулосаларига кўра, аниқланган ҳудудий, ташкилий ва таълим йўналишлари бўйича фарқлар хорижий талабаларни жалб қилиш сиёсатини ҳудудлар ва олий таълим ташкилотлари хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда диверсификация қилиш зарурлигини кўрсатади.
Хорижий талабаларнинг ёш таркиби таҳлили ҲЕМИС ахборот тизимида ёшга оид маълумотлари тўлиқ шаклланган 24 647 та ёзув асосида амалга оширилди. Натижаларга кўра, хорижий талабаларнинг асосий қисми 21−25 ёш ва 17−20 ёш гуруҳларига тўғри келади.
Хусусан, 21−25 ёш тоифасида 12 691 нафар (51,5 фоиз), 17−20 ёш тоифасида эса 8 787 нафар (35,7 фоиз) хорижий талаба қайд этилган. Бу икки ёш гуруҳи хорижий талабаларнинг 87,2 фоизини ташкил этиб, асосан бакалавриат ва магистратурада таҳсил олаётган анъанавий талабаларга тўғри келади.
Қолган ёш тоифаларида 26−30 ёш гуруҳига 2 000 нафар (8,1 фоиз), 31−40 ёш гуруҳига 916 нафар (3,7 фоиз), 41−50 ёш гуруҳига 204 нафар (0,8 фоиз) ва 51−70 ёш гуруҳига 49 нафар (0,2 фоиз) хорижий талаба тўғри келади. Бу кўрсаткичлар 30 ёшдан юқори бўлган хорижий талабалар улуши нисбатан паст эканини кўрсатади.
Ёш гуруҳлари кесимида гендер таркиби ҳам таҳлил қилинди. 17−20 ёш тоифасида 4 942 нафар аёл ва 3 845 нафар эркак, 21−25 ёш тоифасида 5 697 нафар аёл ва 6 994 нафар эркак таҳсил олмоқда.
26−30 ёш тоифасида 810 нафар аёл ва 1 190 нафар эркак, 31−40 ёш тоифасида 515 нафар аёл ва 401 нафар эркак қайд этилган. 41−50 ёш тоифасида 122 нафар аёл ва 82 нафар эркак, 51−70 ёш тоифасида эса 15 нафар аёл ва 34 нафар эркак таҳсил олмоқда.
Ёш гуруҳлари кесимида аёллар ва эркаклар улушида айрим фарқлар кузатилса-да, умумий ҳисобда гендер таркиби нисбатан мувозанатли шаклланган. Жами ҳисобда 12 101 нафар (49,1 фоиз) аёл ва 12 546 нафар (50,9 фоиз) эркак қайд этилган бўлиб, бу хорижий талабалар контингентида сезиларли гендер номутаносиблиги мавжуд эмаслигини кўрсатади.
Таҳлил натижалари мамлакат олий таълим тизимида хорижий талабалар контингентини янада кенгайтириш учун бир қатор амалий имкониятлар мавжудлигини кўрсатади. Хорижий талабалар сонининг шаклланган бўлишига қарамай, уларнинг асосий қисми айрим таълим йўналишлари, ҳудудлар ва олий таълим ташкилотларида жамлангани қайд этилган.
Биринчи навбатда, хорижий талабаларни жалб қилишда тиббиёт таълимида шаклланган тажрибани муҳандислик, рақамли технологиялар, иқтисодиёт, педагогика, аграр ва бошқа йўналишларга мослаштириш тавсия этилади. Бу хорижий талабалар географиясини диверсификация қилишга хизмат қилади.
Иккинчидан, хорижий тилларда, айниқса инглиз тилида ташкил этилган таълим дастурларини кўпайтириш муҳим шарт сифатида кўрсатилган. Бунда ўқув режалари, фан силлабуслари, қабул талаблари ва академик хизматларнинг халқаро стандартларга мослаштирилиши зарурлиги таъкидланган.
Учинчидан, хорижий абитуриентлар учун очиқ, тушунарли ва кўп тилли ахборот ресурсларини ривожлантириш, шу жумладан таълим дастурлари, контракт шартлари, виза ва маъмурий масалалар бўйича маълумотларни тизимли тақдим этиш тавсия этилади.
Тўртинчидан, хорижий талабалар билан ишлаш бўлимлари, маслаҳат хизматлари, турар жой ва тиббий хизматлар, тил ва маданий интеграция курслари каби академик ва маиший қўллаб-қувватлаш инфратузилмасини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилган.
Бешинчидан, ҲЕМИС ахборот тизимида хорижий талабаларга оид маълумотларни тўлиқ ва бир хил мезонлар асосида киритиш ҳамда мунтазам верификация қилиш тавсия этилган — бу таҳлил натижаларининг ишончлилигини ва бошқарув қарорлари сифатини оширишга хизмат қилади.
Умуман олганда, мазкур йўналишларда тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш олий таълим тизимининг халқаро жозибадорлигини ошириш ва хорижий талабалар географиясини кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланган.

