Ўзбекистонда қизлар тезроқ иш топади, йигитларда эса маош кўпроқ — таҳлил

Ўзбекистонда қизлар иш топишда тезроқ, йигитларда эса маош юқорироқ — таҳлил
Битирувчилар сифати индекси (БСИ) доирасида ёшларнинг меҳнат бозоридаги натижалари жинслар бўйича таҳлил қилинди. Тадқиқот қизларнинг бандлик даражаси ва ишга жойлашиш тезлиги бўйича устунлигини кўрсатган бўлса, ўртача ойлик маошда йигитлар олдинда эканини аниқлади.
Битирувчилар сифати индекси натижаларига кўра, қизлар орасида бандлик даражаси 85,1 фоизни, йигитларда эса 80,4 фоизни ташкил этган. Шунингдек, қизлар ўртача 2 ойда, йигитлар эса 3 ойда ишга жойлашган.
Бироқ ўртача иш ҳақи кўрсаткичида вазият бошқача: йигитларда бу кўрсаткич 6 млн сўмни, қизларда эса 3,9 млн сўмни ташкил қилган.
Таҳлилларга кўра, меҳнат бозорида энг юқори натижа қайд этилган топ 5 соҳа қуйидагича:
Қизлар учун етакчи соҳалар:
транспорт хизматлари;
математика ва статистика;
таълим;
бизнес ва бошқарув;
гуманитар фанлар.
Йигитлар учун етакчи соҳалар:
бизнес ва бошқарув;
соғлиқни сақлаш;
санъат;
математика ва статистика;
ахборот-коммуникация технологиялари.
Республика бўйича битирувчиларнинг ўртача ойлик даромади 4,9 млн сўмни ташкил этган. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилиб, 6,6 млн сўмга тенг бўлган. Вилоятлар орасида юқори натижалар Навоий вилоятида 5,0 млн сўм ва Тошкент вилоятида 5,0 млн сўм миқдорида шаклланган.
Битирувчилар республика бўйича ўртача 2 ой 27 кунда ишга жойлашган бўлса-да, сўнгги олти ой давомида барқарор банд бўлганлар улуши 42,9 фоизни ташкил этган.

