Ўзбекистонда ОТМ битирувчиларининг ўртача даромади 4,9 млн сўмни ташкил этмоқда — янги индекс натижалари
Ўзбекистонда салкам 250 минг битирувчи фаолиятини қамраб олган ъБитирувчилар сифати индексиъ натижалари эълон қилинди. Унга кўра, битирувчиларнинг ўртача расмий ойлик маоши 4,9 млн сўмни ташкил этган, иш топиш учун эса ўртача 3 ойдан кўпроқ вақт кетган. Батафсил.

Ўзбекистонда ОТМ битирувчиларининг ўртача даромади 4,9 млн сўмни ташкил этмоқда — янги индекс натижалари
Ўзбекистонда 2025-йил июлидан 2026-йил июни охиригача бўлган даврни қамраб олган тадқиқотларга кўра, олий таълим муассасалари битирувчиларининг ўртача расмий ойлик даромади 4,9 млн сўм бўлди. Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Бахтиёр Йўлдошев Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар бермоқда Газета мухбири.
Йўлдошевнинг айтишича, агентлик 2024/2025 ўқув йилида 170 та олий таълим ташкилотини тамомлаган 249 432 нафар битирувчининг меҳнат бозоридаги натижаларини таҳлил қилган. Бунда уларнинг ишга қанча муддатда жойлашгани, бандлигининг барқарорлиги, расмий даромади ва бандлик шакли ўрганилган.
Агентлик директорининг сўзларига кўра, мазкур индекс президентнинг 2026-йил 10-апрелдаги фармонига асосан жорий этилган. Унинг асосий вазифаси олий таълим ташкилотлари фаолиятини битирувчиларнинг реал натижалари орқали баҳолашдан иборат.
“Битирувчилар сифати индекси — 10 дан ортиқ давлат платформасини бир жойга жамлаб, битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги натижаларини баҳолаш платформасидир”, — дейди у.
Таҳлилларга кўра, битирувчиларнинг ишга жойлашиши учун ўртача 3 ою 5 кун вақт сарфланган.
ОТМнинг мулкчилик шаклига қараб бу кўрсаткич турлича: нодавлат олий таълим муассасалари битирувчилари ўртача 2 ой 10 кунда, давлат ОТМ битирувчилари 2 ой 29 кунда, хорижий университетлар филиаллари битирувчилари эса 3 ой 20 кунда ишга жойлашган.
“Бироқ диплом олганидан кейин иш топишнинг ўзи битирувчининг меҳнат бозорида муваффақият қозонганини англатмайди. Шу сабабли индексда бандликнинг барқарорлиги ҳам алоҳида баҳоланган”, — дейди Йўлдошев.
Унинг таъкидлашича, сўнгги олти ой давомида барқарор ишлаган битирувчилар улуши республика бўйича 42,9 фоизни ташкил этган. Хорижий университетлар филиалларида бу кўрсаткич 49,8 фоиз, нодавлат ОТМларда 46,7 фоиз, давлат ОТМларда эса 42,1 фоиз бўлган.
Таҳлил қилинган битирувчиларнинг ўртача расмий ойлик даромади 4,9 млн сўмни ташкил этган. Ҳудудлар орасида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида — 6,6 млн сўм.
Вилоятлар кесимида Навоий ва Тошкент вилоятларида ўртача расмий даромад 5 млн сўмдан қайд этилган.
Айрим ОТМларда эса бу кўрсаткич республика ўртачасидан анча юқори. Масалан, амалий фанлар тоифасида Тошкентдаги Инҳа университети битирувчилари ўртача 12,6 млн сўм даромад олган. Тошкент ахборот технологиялари университетида бу кўрсаткич 9,4 млн сўм, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида 8,1 млн сўмни ташкил қилган.
Ижтимоий-гуманитар йўналишда Тошкент халқаро Вестминстер университети битирувчилари ўртача 12,5 млн сўм даромад билан биринчи ўринда. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бу кўрсаткич 10,6 млн сўм, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 10,3 млн сўм бўлган.
Бахтиёр Йўлдошевнинг айтишича, бу ерда гап расмий қайд этилган даромадлар ҳақида бормоқда.
Бунда битирувчининг даромади у истиқомат қилаётган ҳудуддаги ўртача иш ҳақи билан солиштирилади. Шу орқали ҳудудлар ўртасидаги иш ҳақи тафовути ҳам инобатга олинади.
Олий таълим муассасаларини адолатли таққослаш учун улар кадрлар тайёрлаш хусусиятидан келиб чиқиб, тўртта тоифага ажратилган: амалий, тиббиёт, ижтимоий-гуманитар ва ижод (спорт).
2024/2025 ўқув йили натижаларига кўра энг юқори кўрсаткич қайд этган 20 та ОТМ рағбатлантириш учун ажратилган. Уларнинг 11 таси ижтимоий-гуманитар, 5 таси амалий, 2 таси тиббиёт, 2 таси ижод ва спорт тоифасига кирган.
Индексда энг юқори натижани Ўзбекистон давлат консерваторияси — 81,5 балл билан қайд этган. Иккинчи ўринда консерваториянинг Нукус филиали — 79,6 балл, учинчи ўринда Тошкентдаги Вебстер университети таълим дастурларини амалга ошириш маркази — 76,3 балл билан жойлашган.
Шунингдек, Инҳа университети 74,2, Тошкент давлат тиббиёт университетининг Термиз филиали 74, Осиё халқаро университети 73,4, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети 72,4 ҳамда Тошкент халқаро Нордик университети 72,1 балл олган.
Бахтиёр Йўлдошевнинг таъкидлашича, консерватория билан юридик университетни бир хил мезонлар асосида баҳолаш тўғри эмас. Шу сабабли ОТМлар тайёрлайдиган кадрлар таркибига қараб тоифаларга ажратилган.
“Ҳеч қачон ижод, дейлик, консерватория Тошкент давлат юридик университети билан бирга битта мезонлар билан рақобат қила олмайди”, — дейди агентлик раҳбари.
Унга кўра, битирувчилари 200 нафардан кам бўлган ОТМлар асосий рейтингдан чиқарилиб, уларнинг индекси алоҳида юритилади. Бу талаб ижодий йўналишдаги ОТМларга татбиқ этилмайди, чунки бу соҳада талабалар билан индивидуал ишлаш хусусияти мавжуд.
Йўлдошев агентлик маълумотларни “солиштириш ва натижани қайта олиш мумкинлиги” тамойиллари асосида шакллантирганини айтди.
Қайд этилишича, индекс инсон омилисиз 10 та давлат ахборот тизими билан интеграция қилинган ҳолда автоматик шакллантирилган. Улар орасида меҳнат, солиқ, ижтимоий ҳимоя ва бошқа давлат тизимлари бор.
Йўлдошевнинг айтишича, битирувчининг расман ишлаётгани меҳнат ва солиқ тизимлари маълумотлари орқали текширилади.
“Бири алдаса, иккинчиси барибир очиб қўяди. Чунки 10 тадан ортиқ платформа мавжуд”, — дейди у.
Унинг қайд этишича, 249 мингдан ортиқ битирувчи бўйича 14 миллиондан зиёд маълумот ёзуви таҳлил қилинган.
Шу сабабли маълумотларни оддий электрон жадвалларда эмас, махсус аналитик платформаларда қайта ишлашга тўғри келган. Шу билан бирга, агентлик битирувчиларнинг ўзини ўзи банд қилгани бўйича эҳтиёткор ёндашувни танлаган. Бундай битирувчилар индексда қўшимча рағбатлантирувчи коеффициент олмайди.
Агентлик раҳбарининг сўзларига кўра, бу университетларни битирувчиларни фақат ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш орқали статистик кўрсаткични сунъий равишда оширишдан сақлаш учун қилинган.
Матбуот анжуманида университетларнинг битирувчиларни иш билан таъминлашга мажбур қилиниши масаласи ҳам кўтарилди.
Йўлдошевнинг қайд этишича, университет раҳбари битирувчини шахсан ишга жойлаштиришга мажбур бўлмаслиги керак. Бироқ битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги натижаси ОТМ фаолияти самарадорлигини баҳолайдиган кўрсаткичлардан бири бўлиши лозим.
Унинг фикрича, бу ректорларни таълим дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш, иш берувчилар билан кўпроқ ҳамкорлик қилиш ва битирувчилар билан ишлашга ундайди.
Шу нуқтаи назардан у диплом беришдан олдин талабадан иш жойи ёки ўзини ўзи банд қилганлик тўғрисида маълумот талаб қилиш амалиётини ҳам танқид қилди.
“Диплом бериш учун ишга жойлашган-жойлашмаганини сўраш нотўғри. Лекин диплом бериш учун имтиҳондан ўтказиш тўғри”, — деди у.
Бахтиёр Йўлдошевнинг таъкидлашича, университет битирувчининг компетенсияни эгаллаган-эгалламаганини ҳаққоний имтиҳон орқали текшириши керак. Ишга жойлашиш эса диплом олишнинг шарти бўлмаслиги лозим.
Сардор Раҳимбоевнинг маълум қилишича, индексда битирувчиларнинг миграцияси ҳам ҳисобга олинган. Ички ишлар вазирлигининг чегарадан чиқиш ва кириш маълумотлари университетлар базаси билан таққосланган.
Унинг айтишича, 12 ой давомида хорижда уч ойдан ортиқ қолиб, қайтиб келмаган 2542 нафар битирувчи аниқланган.
Бу 249 мингга яқин битирувчининг тахминан 1 фоизига тенг.
Уларнинг аниқ қанчаси ўқиш, қанчаси ишлаш учун кетгани алоҳида кўрсаткич сифатида ҳозирча платформада чиқарилмаган. Бироқ улар “юқори коеффициентли” бандлик тоифасига киритилган.
Раҳимбоевнинг қайд этишича, битирувчининг хорижга ўқиш ёки ишлаш учун кетиши ҳам меҳнат бозорида мустақил фаолият юрита олиш кўникмаси сифатида баҳоланади.
Тадбирда нодавлат олий таълим ташкилотларининг сифати масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Агентлик раҳбариятининг таъкидлашича, давлат, нодавлат ёки хорижий ОТМларни умумий тарзда “яхши” ёки “ёмон” деб баҳолаш тўғри эмас. Ҳар бир тоифада юқори ва паст натижа кўрсатган университетлар бор.
“2024/2025 ўқув йилида таҳлил қилинган битирувчиларнинг 211 587 нафари, яъни қарийб 85 фоизи давлат ОТМлари ҳиссасига тўғри келган. 12,7 фоизи нодавлат таълим ташкилотлари, 6100 нафари эса хорижий университетлар филиаллари битирувчилари бўлган”, — дейди Сардор Раҳимбоев.
Унга кўра, мулкчилик шакли бўйича индекснинг ўртача кўрсаткичи хорижий ОТМларда 58,7, нодавлат ОТМларда 55,1, давлат ОТМларда 53 баллни ташкил этган.
Бироқ, Йўлдошевнинг сўзларига кўра, бу рақамларни тўғридан тўғри “давлат ёки нодавлат яхшироқ” деган хулосага айлантириш мумкин эмас. Сабаби шуки, давлат олий таълим муассасаларида битирувчилар сони анча кўп. Шу билан бирга, нодавлат ОТМларда таълим сифати билан боғлиқ муаммолар борлиги ҳам инкор этилмади.
Бахтиёр Йўлдошевнинг айтишича, 64 та ОТМ институционал аккредитацияга жалб қилинган бўлиб, уларнинг 9 тасида таълим сифати билан боғлиқ критик хавфлар аниқланган ва муддатидан олдин аккредитация жараёнига жалб этилган.
Унинг таъкидлашича, бу жараёндан мақсад университетларни фақат жазолаш эмас, балки улардаги муаммоларни аниқлаб, таълим сифатини яхшилашдан иборат.
Агентлик раҳбарининг қайд этишича, индекс фақат топ 20 университетни аниқлаш билан чекланмайди. Агентлик маълумотларни яшил, сариқ ва қизил тоифаларга ажратиб, барча ОТМлар бўйича натижаларни очиқлаштиришни режалаштирган.
“Бу университетлар учун сигнал вазифасини бажаради: яхши натижага эга ОТМлар ўз кўрсаткичини сақлаш ва яхшилашга, паст натижадагилар эса муаммоларини бартараф этишга интилади. Ҳар доим қизил, сариқ, яшил бўлади. Бу соғлом рақобат бўлиши учун”, — дейди Йўлдошев.
Унинг фикрича, асосий мақсад университетларни рейтингда юқори ўрин олиш учун рақам қувишга эмас, битирувчи билан манзилли ишлашга ундашдир.
Бахтиёр Йўлдошев индексни очиқлаштириш орқали тўртта асосий мақсад кўзланаётганини билдирди.
“Бундай тизим ОТМлар ўртасида рақобатни кучайтиради, уларни талабалар билан манзилли ишлашга ундайди ва натижада меҳнат бозорига тайёрроқ кадрлар чиқишига хизмат қилади”, — дейди агентлик раҳбари.
Тақдимотда республика бўйича “Битирувчилар сифати индекси”нинг ўртача кўрсаткичи 53,4 балл экани ҳам маълум қилинди.
Ҳудудлар кесимида энг юқори натижалар Сурхондарё — 62,1 балл ва Тошкент шаҳри — 60 баллда қайд этилган. Бухоро — 59,1, Қашқадарё — 58,6, Наманган — 58,4 балл олган. Энг паст ўртача индекс Қорақалпоғистон Республикасида — 49,5 балл.
Бироқ агентлик учун бу рақамларнинг ўзи якуний мақсад эмас. Йўлдошевнинг айтишича, индекс ҳар йили янгиланади ва асосий савол кейинги йилда кўрсаткичлар қандай ўзгариши билан боғлиқ бўлади.
“Кейинги йил худди шу пайтда нечта университет юқорилади, нечтаси пастлади, умумий 53,4 индекс неча бўлди — 60 бўлдими, 50 бўлдими, шуни муҳокама қиламиз”, — деди у.
Йўлдошевга кўра, “Битирувчилар сифати индекси” университетларни бир марта рейтингга қўйишдан кўра, улар битирувчиларининг меҳнат бозорида қандай натижа кўрсатаётганини йилма-йил кузатиб бориш тизими сифатида тақдим этилмоқда.
Аввалроқ олий таълим вазири Конгратбай Шарипов 2025/2026 ўқув йили битирувчиларининг 70 фоизи иш билан таъминлангани, йил якунига қадар бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш мақсад қилинганини айтганди. Бунинг учун Бандлик вазирлиги, банклар ва ҳокимликлар иштирокида битирувчиларни ишга жойлаштириш, қайта тайёрлаш ва ўз бизнесини бошлашига кўмаклашиш бўйича янги тизим йўлга қўйилмоқда.

