Ўзбекистонда битирувчилари энг юқори натижа кўрсатган топ 20 та олийгоҳ маълум қилинди

Ўзбекистонда битирувчилари энг юқори натижа кўрсатган топ 20 та олийгоҳ эълон қилинди
Ўзбекистонда “Битирувчилар сифати индекси” натижаларига кўра, энг юқори кўрсаткич қайд этган 20 та олий таълим муассасаси рўйхати эълон қилинди. Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Берилган маълумотларга кўра, топ 20 талик олийгоҳлар рўйхати тўрт тоифа бўйича шакллантирилган бўлиб, уларнинг 11 таси ижтимоий-гуманитар, 5 таси амалий, 2 таси тиббиёт ҳамда 2 таси ижод ва спорт йўналишларига тўғри келади.
Йўналишлар кесимида етакчилик қилаётган ва энг юқори балл тўплаган таълим муассасалари қуйидагилар:
Ижод (спорт) фанлари: Ўзбекистон давлат консерваторияси (81,5 балл) ва унинг Нукус филиали (79,6 балл);
Ижтимоий-гуманитар фанлар: Тошкент шаҳридаги Вебстер университети (76,3 балл), Осиё халқаро университети (73,4 балл) ҳамда Халқаро Нордик университети (72,1 балл);
Амалий фанлар: Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (74,2 балл), Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети (72,4 балл) ва Олмалиқ давлат техника институти (69,1 балл);
Тиббиёт фанлари: Тошкент давлат тиббиёт университети Термиз филиали (74,0 балл) ҳамда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти (64,0 балл).
Умумий кўрсаткичлар бўйича рўйхатда энг юқори натижани Ўзбекистон давлат консерваторияси қайд этган. Агентликнинг таъкидлашича, мазкур индекс натижалари иш берувчилар учун муҳим кўрсаткич бўлиб хизмат қилади.
Аввалроқ Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори битирувчиларнинг ўртача ойлиги 4,9 миллион сўм эканини хабар қилинганди. Талабалар ўқишни битиргандан кейин республика бўйича ўртача ишга жойлашиш тезлиги 2 ой 27 кун бўлган.

