“Битирувчиларнинг ўртача ойлиги 4,9 млн сўм” — Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Бахтиёр Йўлдошевнинг маълум қилишича, 2025-йил июлидан 2026-йил июнигача бўлган даврда Ўзбекистондаги битирувчиларнинг ўртача ойлик маоши 4,9 миллион сўмни ташкил этган. Бу ҳақда у 26-август куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида хабар берди.
"Дарё" мухбирининг хабарига кўра, тадбирда журналистларга "Битирувчилар сифати индекси" платформаси тақдим этилган. Ушбу рейтинг 170 та олийгоҳни тамомлаган 249 432 нафар битирувчининг меҳнат бозоридаги натижаларини ўз ичига олади.
Бахтиёр Йўлдошевнинг сўзларига кўра, "Ҳисоб-китобларга қараганда, расмий ишлаётган битирувчиларнинг ўртача ойлик даромади 4,9 миллион сўмни ташкил қилди. Бу яхши натижа ҳисобланади. Платформада рақамлар ҳар бир университет ва талаба кесимида ҳам келтирилган. Талабалар ўқишни битиргандан кейин республика бўйича ўртача ишга жойлашиш тезлиги 2 ой 27 кунни ташкил этади. Масалан, Буюк Британияда бу жараён 15 ой, Австралияда 13 ой, Хитойда 12 ой вақт олади".
Таҳлилларга кўра, ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида кузатилган – 6,6 миллион сўм. Вилоятлар орасида Навоий ва Тошкент вилоятларида ўртача кўрсаткич нисбатан юқори бўлиб, 5 миллион сўмни ташкил этган.
Айрим олийгоҳларда эса ўртача ойликдан анча юқори маошлар қайд этилган. Энг юқори ойлик тўланадиган университетлар қуйидагилар:
* Тошкент шаҳридаги "С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти" федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали – 23,4 миллион сўм;
* Тошкент шаҳридаги Инҳа университети – 12,6 миллион сўм;
* Тошкент халқаро Вестминстер университети – 12,5 миллион сўм;
* Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети – 10,6 миллион сўм;
* Тошкент давлат иқтисодиёт университети – 10,3 миллион сўм.
Агентлик раҳбари бу рақамлар расмий қайд этилган даромадлар эканлигини таъкидлади.
Таълим йўналишлари кесимида ўртача даромадлар қуйидагича: ижод (спорт) йўналишлари – 6,33 миллион сўм; амалий фанлар – 5,5 миллион сўм; ижтимоий-гуманитар фанлар – 4,61 миллион сўм; тиббиёт фанлари – 4,43 миллион сўм.
Битирувчиларнинг энг катта қисми Тошкент шаҳрига тўғри келади – жами 80 742 нафар, бу республика жами битирувчиларининг қарийб учдан бир қисмидир.
Республика бўйича битирувчиларнинг ишга жойлашиши учун кетган ўртача муддат 3 ой 5 кунни ташкил этмоқда. Агентлик олий таълим ташкилотларининг мулкчилик шакли бўйича ҳам фарқларни ўрганган. Натижаларга кўра, нодавлат олийгоҳлар битирувчилари ўртача 2 ой 10 кунда, давлат университетларини тамомлаганлар 2 ой 29 кунда, хорижий университетлар филиалларида ўқиганлар эса 3 ой 20 кунда ишга жойлашган.
Агентлик ҳисоботида айтилишича, "Сўнгги олти ой давомида барқарор банд бўлган битирувчиларнинг республика бўйича ўртача улуши 42,9 фоизни ташкил этди".
Мулкчилик шакллари кесимида энг юқори кўрсаткични хорижий университетлар филиаллари битирувчилари қайд этган – 49,8 фоиз. Нодавлат ОТМларида бу кўрсаткич 46,7 фоизни, давлат олийгоҳларида эса 42,1 фоизни ташкил этган.
Аввалроқ олий таълим вазири Қўнғиротбой Шарипов битирувчилар бандлиги маълум фоиздан паст бўлган олийгоҳларни бошқа университетларга қўшиб юбориш ёки ёпиш масаласи кўрилаётганини айтганди.

