Ўзбекистонда “Ижтимоий реестр”га киритиш рад этилгани устидан онлайн шикоят қилиш мумкин бўлди
Фуқаролар “маҳалла еттилиги” томонидан расмийлаштирилган хулоса ва далолатномалардан ҳам норози бўлса, my.gov.уз орқали Апелляция кенгашига мурожаат қилиши мумкин. Шикоятлар 15 кун ичида кўриб чиқилади.

Ўзбекистонда “Ижтимоий реестр”га киритиш рад этилгани устидан онлайн шикоят қилиш имконияти пайдо бўлди
Ўзбекистонда фуқароларга оиласини “Ижтимоий реестр”га киритиш рад этилгани ёки “маҳалла еттилиги” қарорларидан норози бўлганда электрон шикоят юбориш имконияти яратилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 29-январдаги 35-сон қарорига биноан, фуқаролар туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Апелляция кенгашларига Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.уз орқали масофадан мурожаат қилиши мумкин.
Апелляция кенгаши қуйидаги масалалар бўйича шикоятларни кўриб чиқади:
- оилани “Ижтимоий реестр”га киритиш рад этилгани юзасидан мурожаатлар;
- “маҳалла еттилиги” томонидан расмийлаштирилган саволнома, хулоса ва далолатномаларни қисман ёки тўлиқ бекор қилиш;
- тегишли ҳужжатларга ўзгартириш киритиш мажбуриятини “маҳалла еттилиги” зиммасига юклаш ҳақидаги мурожаатлар.
Белгиланган тартибга кўра, шикоятлар келиб тушган кундан бошлаб 15 кун ичида кўриб чиқилади. Апелляция кенгашининг мажлислари заруратга қараб ташкил этилади. Бироқ улар камида ойига бир марта ўтказилиши керак. Янги имконият орқали фуқаролар тегишли ҳокимликка шахсан бормасдан, электрон шаклда шикоят юбориши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонда Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан юритилаётган ижро ишларига асос бўлган ҳужжатлар билан ҳам my.gov.уз орқали онлайн танишиш имконияти яратилганди. Мазкур хизматдан фойдаланиш учун порталнинг “Жарималар” бўлимидан “Ижро ҳужжатлари (МИБ)” хизматини танлаш мумкин.

