Оттава Украина учун ЕИ кредитига ўз ҳиссасини қўшмоқчи
Канада Украинага мўлжалланган Европа Иттифоқининг 90 млрд евролик кредит дастурига қўшилиш бўйича музокара олиб бормоқда. Томонлар Канаданинг молиявий ҳиссаси миқдорини октабр охирида ўтадиган ЕИ-Канада саммитига қадар келишиб олишни режалаштирган.

Оттава Украина учун ЕИ кредитига ўз ҳиссасини қўшмоқчи
Канада Украина учун Европа Иттифоқи ажратаётган 90 млрд евролик кредит дастурига қўшилиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Томонлар Канаданинг ушбу дастурга қанча маблағ билан киришини октабр охирида Монреалда ўтказилиши режалаштирилган ЕИ-Канада саммитигача аниқлаб олишни мақсад қилган.
Нашр манбаларига таяниб, Канада бош вазири Марк Карни бу ташаббус орқали Европа билан трансатлантик алоқаларни янада мустаҳкамлаш истагини намойиш этмоқчи экани айтилади. Шу билан бирга, Оттава ташқи иқтисодий ва сиёсий муносабатларда АҚШга қарамликни камайтиришга уринмоқда.
Финансиал Тимес ёзишича, Карни кўп томонлама халқаро тартибни қўллаб-қувватловчи либерал давлатлар ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш тарафдори.
Ҳозирча Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар ичида Украина учун мазкур кредит дастурига қўшилган ягона мамлакат Буюк Британия ҳисобланади. Канада ҳам дастурга қўшилса, ЕИ ташқарисидаги иштирокчилар сони иккига етади.
Оттава сўнгги йилларда Украинага катта ҳажмда ҳарбий ёрдам ҳам кўрсатган. Финансиал Тимес маълумотига кўра, Канада томонидан берилган ҳарбий кўмак 6,5 млрд Канада долларини, яъни тахминан 4,7 млрд АҚШ долларини ташкил этади.
Бундан ташқари, 10-сентабр куни Канада бош вазири Марк Карни ва Украина президенти Володимир Зеленский 100-йиллик ҳамкорлик тўғрисидаги декларацияни имзолаган. Ҳужжат, жумладан, мудофаа соҳасидаги инновациялар бўйича ҳамкорликни ҳам назарда тутади.
Канаданинг Европа Иттифоқи билан яқинлашуви фақат Украинага ёрдам масаласи билан чекланмайди. Оттава Брюссел билан иқтисодий ва технологик ҳамкорликни ҳам кенгайтиришга интилмоқда.
Хусусан, Канада сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик қилиш мақсадида Европа Иттифоқининг суперкомпютерлар тармоғига қўшилишдан манфаатдор. Шунингдек, Брюссел билан рақамли савдо бўйича алоҳида келишув имзолаш имконияти ҳам муҳокама қилинмоқда.

