Канада ва Украина 100 йилга шерик бўлди: Киевга миллионлаб дрон юборилади

Канада ва Украина 100 йилга шерик бўлди: Киевга миллионлаб дрон юборилади
Украина президенти Владимир Зеленский ва Канада бош вазири Марк Карни “100 йиллик шериклик тўғрисида”ги декларацияни имзолади. Ҳужжат икки давлат ўртасидаги муносабатларни “ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига” кўтаришни кўзлайди. Бу ҳақда Канада ҳукумати матбуот хизмати маълум қилди.
Зеленский расмий таклиф асосида Канадага ташриф буюрди. Сиёсатчилар декларацияни Калгари шаҳрида имзолади. Келишувга мувофиқ, Канада Украинанинг “шошилинч ҳарбий эҳтиёжларини” қондиришда давом этади. Томонлар Украина ҳарбийларини тайёрлашга қаратилган Канаданинг УНИФИЕР миссиясини 2029-йилгача узайтиришга келишиб олди.
Карни Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш учун 350 миллион Канада доллари (тахминан 254 миллион АҚШ доллари) ажратилишини эълон қилди. Ушбу маблағга мудофаа тизимлари учун ракеталар харид қилинади. Улар АҚШнинг Жумп Старт механизми орқали етказиб берилади. Мазкур механизм Украинага етказиш учун АҚШдан қурол-яроғ буюртма қилишни назарда тутади.
Шунингдек, Оттава Украина учун 430 миллион Канада долларидан (тахминан 310 миллион АҚШ доллари) ортиқ қийматдаги газ харидини молиялаштириш учун кредит кафолатларини беради.
Канада бош вазири дронлар масаласига ҳам тўхталди. Унинг айтишича, мамлакат “миллий дрон бозорини” йўлга қўяди. Бу Канада Қуролли кучларига қарийб 400 та етказиб берувчи билан ишлаш имконини беради. Мамлакат Украина тажрибасидан фойдаланиб, дрон ишлаб чиқаришни кенгайтиради.
Келгуси икки йил ичида Канада миллионлаб дронлар ишлаб чиқаради ва уларнинг учдан бир қисмини Украинага юборади. Ҳозирда Канада армиясида барча турдаги атиги 2 мингга яқин дрон бор.
Зеленский Канада ва Украина Дроне Деал деб номланган келишувнинг фақат биринчи қисмини имзолаганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, келишувни якуний тасдиқлаш сентябр охирида Ню Ёркда бошланадиган БМТ Бош Ассамблеяси доирасида амалга оширилиши мумкин.

