Россия Украинага 80 та дрон билан ҳужум қилди
Россия қўшинлари 29 июлга ўтар кечаси Украинага 80 та турли русумдаги учувчисиз учиш аппарати билан ҳужум қилди. Украина ҳаво мудофааси уларнинг аксариятини йўқ қилганини маълум қилган бўлса, Херсонда бир киши ҳалок бўлди, Суми вилоятида эса турар жойлар ва фуқаролик инфратузилмасига зарар етди.

Россия 29-июлга ўтар кечаси Украинага қарши кенг кўламли дрон ҳужумини амалга оширди, унда жами 80 та учувчисиз учиш аппарати ишлатилган. Бу ҳақда Украина Қуролли Кучлари Ҳаво кучлари хабар берди.
Ҳужумда Эроннинг "Шаҳед" русумли дронлари, шунингдек, "Гербера", "Италмас", "Бандерол" жанговар аппаратлари ва "Пародия" номли дрон-имитаторларидан фойдаланилган. Улар Брянск, Курск, Орёл, Приморск-Ахтарск, Донбасснинг Россия назоратидаги қисми ва аннексия қилинган Қримдаги Гвардейское ҳудудларидан учирилган.
Украина ҳарбийлари дастлабки маълумотларга кўра, мамлакат шимоли, жануби ва шарқида 65 та дрон ҳаво мудофааси тизимлари томонидан йўқ қилинганини маълум қилди. Шу билан бирга, 14 та ҳужумкор дрон 10 та нуқтага етиб боргани, уриб туширилган дронлар парчалари эса яна икки жойга тушгани қайд этилди.
Украина ҳарбийлари дрон ҳужуми кундузи ҳам давом этганини билдирди. Навбатдаги ҳужумлар Одесса, Полтава, Харкив вилоятлари ва Кривий Рих йўналишларида кузатилган.
Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудиннинг маълум қилишича, 58 ёшли Херсон шаҳри фуқароси шифохонада вафот этган. У Россиянинг "Шаҳед" дрони турар жойга берган зарбаси оқибатида оғир жароҳат олган эди. Ҳужум натижасида яна камида уч киши жароҳатланган бўлиб, уларнинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда. Аввалги куни ҳам Херсонда бир киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Суми вилоятида эса Россия қўшинлари 24 та аҳоли пунктини ўққа тутган. Украина Миллий полицияси маълумотига кўра, ҳужумларда бошқариладиган авиация бомбалари, ҳужумкор дронлар, ФПВ-дронлар, артиллерия ва миномётлар қўлланган. Оқибатда 62 ёшли аёл жароҳат олган.
Ҳужумлар натижасида бир қатор хусусий уйлар, фуқаролик инфратузилмаси объектлари, ёнилғи қуйиш шохобчалари, хўжалик бинолари ва фермага зарар етган. Шунингдек, зарбалар оқибатида буғдой майдонида ёнғин чиққан. Украина полицияси ҳужумлар етказган зарарни баҳолаш ва оқибатларни бартараф этиш ишлари давом этаётганини маълум қилди.

