Украина ЕИнинг янги мудофаа гуруҳига киритилади
Украина Европа мудофаа имкониятларини кучайтириш бўйича ечимлар ишлаб чиқадиган янги юқори даражали гуруҳ таркибига киритилади. ЕИ ташқи сиёсат раҳбари Кая Калласнинг айтишича, Украина жанг майдонидаги ҳарбий инновациялар соҳасида «жаҳон етакчиси» бўлиб, унинг тажрибасидан Европа мудофаасидаги камчиликларни бартараф этишда фойдаланилади.

Украина Европа Иттифоқининг янги мудофаа гуруҳига қўшилади. Бу гуруҳ Европа мудофаа салоҳиятини ошириш бўйича аниқ ечимларни ишлаб чиқишга қаратилган. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас маълум қилди.
Калласнинг сўзларига кўра, яқин кунларда иш бошлайдиган ушбу юқори даражали гуруҳ таркибига Европа Иттифоқи давлатлари, Буюк Британия ва Украинадан юқори мартабали сиёсатчилар ва ҳарбийлар киритилади. У бу маълумотни 1-сентабр куни Ирландиянинг Уиклоу шаҳрида бўлиб ўтган ЕИ мудофаа вазирларининг норасмий учрашуви якунлари бўйича эълон қилди.
Ҳозирча Украинадан янги гуруҳга кимлар кириши аниқ эмас. Калласнинг айтишича, гуруҳнинг тўлиқ таркиби келаси ҳафта тақдим этилади.
У янги ташаббусга қизиқиш юқори эканини таъкидлаб, гуруҳ фақат давлат ва халқаро институтлар доирасидаги ёндашувлар билан чекланиб қолмаслиги кераклигини билдирди. Хусусий мудофаа компанияларининг таклиф ва ғояларини ҳам ҳисобга олиш режалаштирилган.
Каллас ЕИ давлатларининг аксарияти бир вақтнинг ўзида НАТО аъзоси эканини эслатди. Бироқ, унинг фикрича, Европанинг анъанавий мудофаа имкониятларида ҳали ҳам тўлдирилиши керак бўлган бўшлиқлар мавжуд. Унинг сўзларига кўра, Европа ўсиб бораётган таҳдидларга қарамай, мудофаа имкониятларини кучайтиришда шу пайтгача етарлича тез ҳаракат қилмаган.
Янги гуруҳнинг асосий вазифаси мудофаа соҳасидаги мавжуд камчиликларни қисқа муддатда ва самарали усулда бартараф этиш бўйича аниқ ечимларни ишлаб чиқишдан иборат бўлади. "Айнан шунинг учун биз Украина тажрибаси катта эканини ҳисобга олиб, уни ҳам гуруҳ таркибига киритяпмиз", деди Каллас.
Гуруҳ томонидан ишлаб чиқиладиган тавсиялар Европа давлатлари ва тегишли институтларга тақдим этилади.
Кая Каллас Украина ҳарбий инновациялар соҳасида катта тажриба тўплаганини ҳам таъкидлади. У Украинани "жанг майдонидаги инновациялар бўйича жаҳон етакчиси" деб атади.
Унинг маълум қилишича, ҳозирда Украина ва Европа мудофаа компаниялари ўртасида 120 дан ортиқ ҳамкорлик лойиҳаси мавжуд. Каллас Украина ва ЕИ мудофаа саноатининг янада яқин интеграциялашуви ҳар икки томон манфаатларига хизмат қилишини билдирди.

