Германия Украинага уруш бошидан буён қанча ёрдам кўрсатгани маълум қилинди

Германия Украинага уруш бошланганидан бери қанча ёрдам бергани маълум қилинди.
Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён Германия Украинага 65 миллиард евродан ортиқ ёрдам кўрсатган. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига Киевда германиялик ҳамкасби Ёханн Вадефул билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
Сибиганинг таъкидлашича, Германия Украина учун хавфсизлик, мудофаа саноати ва урушдан кейинги тикланиш масалаларида асосий ҳамкорлардан бири бўлиб қолмоқда. Унинг сўзларига кўра, Германия Украина ҳудудида мудофаа соҳасига ихтисослашган қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйган биринчи давлатдир. Ҳозирда икки мамлакат, хусусан, замонавий қурол-яроғ ва дронлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда.
“Украина Германия учун нафақат хавфсизлик соҳасида, балки стратегик иқтисодий ҳамкор сифатида ҳам муҳим. Ишончим комилки, бу ҳамкорлик фақат кенгайиб боради”, деди Сибига.
Украина ташқи ишлар вазири Берлин мудофаа соҳасидаги ёрдамини давом эттиришига, ўз мамлакатининг Европа Иттифоқига аъзолигини қўллаб-қувватлашига ҳамда Россиянинг музлатилган активларидан Украинани тиклаш учун фойдаланиш ташаббусини дастаклашига умид билдирди.
“Германия ёрдам кўрсатишда биринчи ўринда. Биз буни қадрлаймиз”, деди Сибига. Унинг сўзларига кўра, Киев Германиядан хавфсизлик соҳаси, мудофаа саноатини ривожлантириш, Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокараларни илгари суриш ва музлатилган Россия активлари масаласида кейинги ёрдамни кутмоқда.
Матбуот анжумани олдидан Сибига ва Вадефул ҳалок бўлган украиналиклар хотирасини ёд этиш учун Мустақиллик майдонида ўтказилган умумхалқ сукут сақлаш маросимида иштирок этишди.

