Буюк Британия Украина ҲҲМга ёрдамни кучайтиради
Буюк Британия Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтириш учун қўшимча 100 млн фунт стерлинг (қарийб 117 млн евро) миқдорида ҳарбий ёрдам ажратади. Янги пакетга, жумладан, Патриот зенит-ракета мажмуалари учун ракеталар киритилади.

Буюк Британия Украина ҲҲМга ёрдамни кучайтиради
Бу ҳақда 8-сентабр куни Буюк Британия ҳукумати хабар берди.
Янги ёрдам пакети Украинага қиш мавсумида Россиянинг ҳужумларидан ҳимояланиш имкониятларини оширишга қаратилган.
Пакет доирасида АҚШда ишлаб чиқарилган Патриот ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар юборилиши режалаштирилган. Британия ҳукумати ёрдам таркибига яна қандай қурол-яроғ ёки ҳарбий техника киритилишини ҳозирча ошкор қилмаган.
Лондоннинг янги ёрдам пакети Украина мудофааси бўйича Контакт гуруҳининг «Рамштайн» форматидаги навбатдаги йиғилиши олдидан эълон қилинди. Йиғилишга Буюк Британия мудофаа вазири Уес Стритинг ва Германия мудофаа вазири Борис Писториус ҳамраислик қилади. Мазкур гуруҳ Украинага ҳарбий техника ва қурол-яроғ етказиб бераётган қарийб 50 та давлатни бирлаштиради.
Стритингнинг айтишича, қиш даврида Украина учун ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан қўллаб-қувватлаш айниқса муҳим. У Россия қиш мавсумида Украинадаги фуқаролик ва энергетика обьектларига ҳужумларни давом эттириши мумкинлигини билдирган.
Буюк Британия жорий йил март ойида ҳам Украина ҲҲМ учун 100 млн фунт стерлинглик ёрдам пакетини эълон қилган эди. Ўша пайтда Лондон икки ой ичида Украина ҳаво ҳужумидан мудофаасини қўллаб-қувватлаш бўйича мажбуриятларининг умумий ҳажми 600 млн фунтга етганини маълум қилган.
Умуман олганда, Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери Буюк Британия Киевга 16 млрд фунт стерлинг, яъни қарийб 18,7 млрд евро миқдорида ҳарбий ёрдам бериш мажбуриятини олган.
Бундан ташқари, июн ойида Британия ҳукумати Украинага 150 мингта дрон, 350 дан ортиқ ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси ва радиолокация тизимларини етказиб бериш учун 752 млн фунт стерлинг ажратилишини билдирган. Ушбу етказиб беришлар 2026-йил охиригача амалга оширилиши режалаштирилган.
Лондон маълумотига кўра, Украинага шу пайтгача 250 мингдан ортиқ дрон, 8 мингта ракета ва 350 мингта артиллерия снаряди берилган. Шунингдек, Буюк Британия 60 мингдан зиёд украиналик ҳарбийни тайёрлаган.
Буюк Британия 2030–2031-йилларгача Украинага ҳар йили 3 млрд фунт стерлинг атрофида ҳарбий ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда. 2026-йилда эса Британиянинг Украинага ҳарбий кўмаги 3,75 млрд фунт стерлингни ташкил этиши кутилмоқда.

