Спорт

Осиё ўйинлари кундалиги. Ўзбекистон битта олтин билан кифояланди ва Ҳиндистонни олдинга ўтказиб юборди

Олимпиада чемпиони бўлган куращи Рамзанбек Жамалов биринчи баҳсидаёқ ютқазди, Олимпиада финалчиси Светлана Саидова (Осипова) эса Осиё ўйинларида финалгача етиб кела олмади. Финалга чиққан икки ўзбекистонлик – эркин куращи Шерзод Поёнов ва таеквондочи Марат Мавлонов олтин учун баҳсларни бой берди. Футбол жамоаси ҳам бронза учун ўйинда Хитойдан пеналтилар сериясида мағлуб бўлди.

Осиё ўйинлари кундалиги. Ўзбекистон биргина олтин билан чекланди ва Ҳиндистонга йўл берди

3-октабр куни, Осиё ўйинларининг 13-кунида Ўзбекистон делегацияси вакиллари спортнинг 11 турида беллашувларда қатнашди.

Кун якунида 1 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медал қўлга киритилди.

Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Тахмина Икромова Осиё ўйинларидаги учинчи олтин медалини қўлга киритди (у Ҳангчжоудаги турнирда яккалик ва жамоавий баҳсларда ҳам олтин олганди). Японияда у яккалик кўпкураш дастури финалига чиқиб, 112.950 балл билан ҳаммадан устун келди. Иккинчи ва учинчи ўринларни хитойлик гимнастикачилар эгаллади. Қозоғистонлик гимнастикачилар Акмарал Ерекешева ҳамда Айбота Ертайқизи эса тўртинчи ва бешинчи ўринларда қолди.

Шунингдек, гуруҳ машқи дастурида қатнашган Иродахон Содиқова, Ёсина Жўраева, Диана Ҳакимова, Милана Сафина ҳамда София Усовадан иборат жамоа 49.850 балл билан тўртинчи ўринни олди. Совринли ўринларни Хитой (55.300), Япония (52.500) ва Қозоғистон (51.500) жамоалари эгаллади.

Ўзбекистон эркин куращилар жамоаси эса кутилган юқори натижаларни қайд эта олмади. Бугунги дастурда жамоанинг яна 5 нафар вакили ўз имкониятини синаб кўрди.

-97 кг вазн тоифасидаги Шерзод Поёнов мусобақа давомида Баҳрайн номидан қатнашган Магомед Шарипов (3:3, охирги баллни қўлга киритгани эвазига кейинги босқичга чиққан), мўғулистонлик Ганкҳуяг Ганбатар (2:1) ва ҳиндистонлик Дипак Пуния (9:8) устидан ғалаба қозонди. Аммо финалда эронлик Амирали Азарпия қаршисида имконият топа олмади (0:10) ва кумуш медал билан кифояланди.

Асли россиялик бўлган ва сўнгги халқаро турнирларда Ўзбекистон номидан қатнашиб келаётган Рамзанбек Жамалов учун бу сафарги турнир жуда омадсиз кечди. Париж Олимпиадасида олтин медал олган ушбу спортчи Осиё ўйинларида илк рақибигаоқ ютқазди. У аввалига эронлик Юнус Имомчағоийдан мағлуб бўлди (6:7), бу спортчи финалгача етиб боргач, Жамаловга бронза учун курашиш имконияти пайдо бўлди. Бироқ ўтиш баҳсида ҳиндистонлик Сагар Жагланга ҳам ютқазиб қўйди (3:7).

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.