Сиёсат

“Орган ходими адолатни ҳимоя қилиши керак”, аммо қандай? Мавзу муҳокамаси

25-октабр — Ўзбекистонда ИИО ходимлари куни. Сана муносабати билан Газета соҳа вакилларининг портретини чизишга бағишланган суҳбат ташкил қилди. Унда идеалда ИИО ходими ўзи ким экани, қандай касбий ва инсоний фазилатларга эга бўлиши каби масалалар ҳақида сўз боради.

“Орган ходими адолатни ҳимоя қилиши керак”, аммо бу қандай бўлиши лозим? Мавзу муҳокамаси

Бу йил Ўзбекистон ИИО тизими ташкил топганига 35 йил тўлди. Катта тизим ўрта ёшини нишонламоқда. Хўш, бугун мазкур соҳа нималарни бошдан кечирмоқда? Аслида у қандай ишлаши керак? ИИО ходими деганда ким кўз олдимизга келиши лозим? Улар кимни ҳимоя қилишга масъул?

Шу мавзуда инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳамда сиёсацҳунос Ҳамид Содиқ ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Эслатиб ўтамиз, ушбу суҳбатга ИИВдан ҳам вакил таклиф қилинган эди, бироқ расмийлардан ҳеч ким келмади.

— Ички ишлар орган ходимлари деганда кимни тасаввур қилиш керак? Уларнинг қиёфаси қандай?

Аввало, Ички ишлар вазирлиги ва унинг таркибидаги барча ходимларни касб байрами билан табриклаймиз. Чунки улар халқимизнинг фарзандлари, фидойи ўғлонлари сифатида ўз касбий, профессионал фаолиятини олиб бормоқда. Уларнинг иши оғир эканини мен жуда яхши биламан. Чунки ички ишлар ходимлари, яъни шахсий таркиб ҳам ўзимизнинг ўғилларимиз, қизларимиз, ака-укаларимиздан иборат. Бошқа сайёраликлар эмас.

Ижтимоий тармоқларда уларнинг шаъни, қадр-қимматига жуда кескин гаплар айтилади, чунки жамоатчилик кўз ўнгида улар осойишталигимизни сақлашга масъул бўлган идора ҳисобланади. Умуман бу саволга жавоб беришдан олдин, дунёда ички ишлар деган орган борми, бу ном қаердан келиб чиққан — шуларга тўхталмоқчиман.

Масалан, бутун дунёда полиция тушунчаси мавжуд ва бутун тизим шу ном остида бирлаштирилган. Ҳатто қўшни мамлакатларимизда ҳам полиция деб юритилади. Унинг асосий устувор вазифаси — жамоат осойишталигини сақлаш. Лекин, афсуски, бизда ички ишлар органларининг қамрови ниҳоятда кенг.

Менда бор маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг шахсий таркиби 143 500дан ортиқ. Яъни бу — каттагина армия. Агар армия десак ҳам бўлади. Ҳар ҳолда, куч ишлатар тизимлари ичида энг юқори, энг кўп сонли жамоа дейиш мумкин. Давлат хавфсизлик хизмати ёки прокуратура органларининг салмоғига қарасак, булардан 2−3, ҳатто 4 баробар катта идора.

Иккинчидан, ИИО ходимлари бевосита халқ билан ишлайдиган, жамоатчилик орасига кириб борадиган, демак, давлатчиликнинг барча нуқталаридаги жараёнларда иштирок этадиган ўзига хос идоравий жамоа, деб айтиш мумкин. Умуман олганда, ҳозирги тизим Совет замонидан қолган эски идоравий услубларда ишламоқда. Биз бу тизим аллақачон полицияга айлантирилиши, ортиқча тузилмалар қисқартирилиши, айрим ваколатлар бошқа идораларга тақсимланиши кераклиги ҳақида кўп гапирганмиз. Лекин авторитар шароитларда, яъни Ислом Каримов даврида ички ишлар идоралари ниҳоятда кучайиб, армиянинг ўрнини босадиган даражага ҳам етди.

Ўша пайтда мудофаа ва махсус хизматларнинг салоҳияти унча юқори бўлмаган. Кейинчалик ИИВдан Миллий Гвардияга бир қисм ваколатлар берилди, бироқ шунга қарамай у барибир ниҳоятда катта армия бўлиб қолмоқда, яъни маъмурий-буйруқбозлик тизимига асосланган. Тизим одамларда бир томондан қўрқув, бир томондан ишонч уйғота оладиган каттагина идора сифатида сақланиб қолди. Бу идора раҳбарлари ҳукумат портфелидаги энг ноёб ва залворли шахслардан бири, десак бўлади.

Масалан, шу пайтгача Алматов, Бобожонов (собиқ ИИ вазирлари) бўладими ёки Азиз Тошпўлатов (ҳозирги ИИ вазири) бўладими — барчаси юқори салоҳиятли, ўзига яраша авторитар бошқарувдаги одамлар бўлишган.

Ҳамид ака, умуман бошқарувда ИИО ходимлари ёки кўп давлатларда полиция деб аталувчи ташкилот вакиллари кимга хизмат қилиши керак? У кимни ҳимоя қилиши лозим? Фуқарони, давлатни ёки ҳокимиятни деган савол ҳам бор.

Мен ҳам аввало ички ишлар идоралари ходимлари — қайсидир маънода ҳамкасбларимни байрами билан табриклайман. 10 йил давомида мен ҳам шу тизимда ўқиб, ишладим ва ҳақиқатдан ҳам бу ишнинг оғирлигини тушуниш керак, деб ҳисоблайман. Бугунги кунда биринчи навбатда бу идора ўз функсиясини бажаряпти, яъни яхши ёки ёмонлиги, сифатли ёки сифацизлиги бошқа масала, лекин Ўзбекистонда давлат томонидан берилган ваколатлар нуқтаи назаридан давлатнинг куч ишлатар тизими сифатида ўз вазифасини бажараётганини айтиш керак.

Агар бажармаганида, қандайдир тартибсизлик юзага келган бўларди. Лекин менинг назаримда, бугун бу тизим ислоҳотга муҳтож. Ҳатто жиддий ислоҳотга муҳтож. Нима учун? Чунки Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин биз колониал ички ишлар идоралари тизимини бутунлай қабул қилиб олдик. Бу идоранинг бугунги фалсафасида ҳам колониал ички ишлар идоралари сифатида ишлаш турибди. Яъни бундай табиатдаги тизим халқни энг катта хавф деб қабул қилади. Колониал давлатлар учун бу нормал.

Халқ улар учун нега хавф? Чунки мустақилликни ёки ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб босқинчиларни ҳайдаб юбориши мумкин. Шундай дунёқараш билан куч ишлатар тизимлари ташкил қилинади ва халқни олдиндан жиноятчи сифатида кўради. Шу фалсафада тузилган ички ишлар идораларининг моҳияти ўзгармайди. Олдин НКВД (Народный комиссариат внутренних дел) дер эди, аввал Чека ҳам дейишган, кейинчалик булар махсус хизматлар билан ички ишлар идораларига бўлинишган. Демак, биз мустақилликка эришар эканмиз, Ислом Каримов мутлақо бу фалсафани ўзгартиришни истамади.

Қандай бўлса, шундай ички ишлар идоралари, яъни МВД қандай бўладиган бўлса, ИИВ ҳам шундай бу тарафга ўтди. Лекин 2016-йилдан кейин бунинг табиати ўзгара бошлади, яъни давлатда маълум бир эркинликлар бошланди. Айнан шу эркинликлар ички ишлар идоралари табиатига, фаолиятига таъсир кўрсатди. Чунки ички ишлар идораларига қўрқитиш имкониятини бермасангиз, уни олиб қўйсангиз, ички ишлар идораларининг обрўйи туша бошлайди.

Чунки бундай тизим қўрқитиб обрў тўплаб келган, бу оддий қўрқув эмас, институционал қўрқув. Тотал қўрқитади. Ҳозир блогер деган тушунча бор, ОАВ ҳам анча очиқ. Бирор нарса қиладиган бўлса, дарҳол оммага маълум бўлади ва айнан шу ҳолат улардаги кадрлар етишмаслигига сабаб бўляпти. Бугун ички ишлар идоралари, мен шахсан ўзим шу идорада ишлаган инсон сифатида ичим ачиб гапираман, ҳар бир ходимига осон эмас. Мен буни ич-ичимдан тушунаман.

Уларга берилган юклама, ойлигининг етишмаслиги, психологик босимлар, устига-устак оммавий ахборот воситалари ҳам эркин бўлгани сайин уларга босим ўтказавериши қийин вазиятни юзага келтирган. Шунинг учун тизимга жавоб берадиган одамлар ўз олдига жиддий савол қўйиши керак: биз қандай қилиб колониал белгилардан тўлиқ халос бўламиз?

Бу саволга жавоб топилгандан кейин ўзгариш бўлади, халқ ҳокимиятни олиб қўйиши мумкин бўлган кўпчилик сифатида эмас, балки ҳокимиятнинг манбаи сифатида қаралишни бошлайди. Шу ернинг ўзида кўп нарса ҳал бўлади. Ана ундан кейин биз бу ташкилотга куч ишлатар тизим сифатида эмас, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган сифатида қарай бошлаймиз.

— Ҳамид ака, шу жойда орган ходимлари ҳокимиятни эмас, халқни ҳимоя қилиши керак деган хулосага келсак бўладими? Лекин колониал тафаккурдаги тизим ҳокимиятни кўпроқ сақлаб туришга хизмат қилади. Шундайми?

Ҳамид Содиқ:

Ҳокимиятни сақлаб туриш ва элита­ни ҳимоя қилишни устувор кўради. Яъни бу ич-ичигача сингиб кетади. Умуман бутун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, прокуратура деймизми, суд органлари — ҳаммасида шундай. Айрим ҳокимларни эслайлик, бинонинг ичидаги одами билан бузиб ташлашни буюрса ҳам ИИО вакиллари жим кузатади. Мана шунинг ўзи табиатни кўрсатади.

Яъни раҳбар элита нимани айтадиган бўлса, қонун кейинги даражага тушиб кетади. Агар қонун доирасига қайтилса, “муҳтарам ҳоким, бундай қилиш мумкин эмас”, — деб айта оладиган, яъни ҳуқуқ ва адолатни ҳимоя қиладиган ички ишлар идоралари ходими шаклланади. Бу ҳокимиятни ҳимоя қилмайди дегани эмас. Ҳокимиятни адолат тарафида туриб ҳимоя қилиш керак.

Ўшандагина халқни ҳам адолат тарафида туриб ҳимоя қила олади ва кейин бошқа кадрлар ҳам келишни бошлайди. Умуман колониал ички ишлар идораларининг қўрқитиш хусусиятини олиб қўйсангиз бўлди, ҳеч ким уларга қизиқмайди. Чунки ташкилотга интиладиган ёшларга инсон тақдирини савдо қилиш имконияти қизиқ.

Абдураҳмон ака, ИИО ходимларига оид жиноят ишлари, қамалга доир хабарлар эълон қилинса, тизим уларни “адашиб кириб қолганлар” деб атайди.

Шу нуқтада умуман уларнинг қандай касбий этика ва инсоний фазилатларга эга бўлиши ҳақида ҳам гаплашсак. Бу борада дунёда манзара қандай?

Умуман бутун дунёда ҳам полицияга нисбатан одамларда бир ёвқараш бор. Бу — умумий тенденсия, халқаро миқёсда шундай. Масалан, Америкага, Ҳиндистонга, Малайзияга борасизми, ҳаммасида шундай кайфиятни учратиш мумкин. Умуман олганда, ИИО тизими Совет даврида марказий бошқарувнинг бир бўлаги сифатида мерос бўлиб кириб келди. Масалан, ЙҲХ тизими 25 йил давомида Конституциявий қонунсиз фаолият юритиб келди.

Бир томондан уларнинг ҳуқуқлари ҳам камситилди. Чунки уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиган қонуннинг ўзи йўқ эди. Муваққат низом билан ишлади. Масалан, биз ички ишлар вазирлигининг ходими ноқонуний лавозимдан олинган бўлса, уни судга берсак, суд ҳам қабул қилмасди, чунки қонун йўқ эди.

2015-йилдан кейин қонун қабул қилинди, лекин у ҳам тўлақонли қабул қилинмади. Биз 2000-йилларда ички ишлар идоралари тўғрисидаги қонун бўйича халқаро ташкилотлар орқали ҳам Каримов ҳукуматига кўп мурожаат қилдик, қабул қилайлик, буларнинг фаолияти қонунлашсин дедик, Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонунни қабул қилайлик, булар қонундан ташқари ишлаяпти дедик.

Афсуски, бунга ҳукумат, давлат қулоқ солмади ва натижада уларда “биз — ўзимизни ватанга фидо қилган фарзандлармиз” деган ижтимоий онг шаклланди. Хизмат машиналарига қарасангиз, “ВСФ” деб ёзиб қўйилган, яъни “ватанга содиқ фарзандлар”. Ватанга содиқлик, ватанпарварлик бўлиши керак, лекин озгина калла ҳам ишлаши керак. Билим ҳам бўлиши керак. Мен бу ерда ҳуқуқий базага ҳам эътибор қаратаман, чунки ички ишлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги билан боғлиқ кўплаб вазиятни амалиётда учратамиз.

Булар ўзига хос ҳимояланиш йўлларини кашф қилишди. Қовун тушириб қўядиганлари ёки жиноятга қўл уриб қўядиганлари бўлса, бу биздан эмас дейди. Шунчалик ватанпарварликка киришиб кетдики, блогерларнинг танқидларини ҳам ватанга қарши бир исён деб қабул қилишяпти. Сиз гўёки улар содиқ бўлган бир масканни, ҳукмдорларини танқид қилиб бошласангиз, бирданига “ватанга қарши экан” деган зеҳният пайдо бўлади.

Ватанни ҳимоя қилаётган одамларнинг ўзида дунёқараш даражаси юқори бўлиши керак. Шу йил бошида Ички ишлар вазири билан суҳбатлашдим. Бу одам менда жуда яхши таассурот қолдирди. Қайси маънодаки, биринчидан жуда меҳнатга чанқоқ. Масалан, бошқа идоралар, вазирлар билан ҳам суҳбатлашиб турамиз, уларда бунақанги шижоатни кўрмайсиз.

Суҳбатимиз чоғида вазир ҳазиломуз бир-икки гап айтди. Унинг айтишича, мактабни 3−4 га битирганлар милиция бўларкан. Энди бу эътирофнинг ўзи вазиятнинг яхши эмаслигини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан бугун жиддий ислоҳ қилиниши керак бўлган нарсалар бор.

Яқинда матбуот анжумани уюштириб, блогер ва журналистларга дўқ-пўписа қилишни ҳам бошлашди. Кечирасизлар, бундай замонлар ўтиб бўлган. Ҳозир қўрқитиш ёки манипуляция, психологик таъсир ўтказиш усуллари қолоқ усуллар ҳисобланади.

Кўрсатув давомида орган фаолияти қандай баҳолаб келинаётгани, самарадорликни баҳолашдаги асосий мезонлар, ҳисобдорлик, муаммоларга узоқ ва яқин муддатли ечимлар ҳақида ҳам сўз юритилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.