Олий таълим муассасалари битирувчиларининг сифат индекси жорий этилмоқда
Битирувчилар сифати индекси олий таълим муассасалари битирувчиларини тайёрлаш самарадорлигини уларнинг меҳнат бозоридаги натижаларига қараб баҳолаш имконини беради. Энг юқори кўрсаткичларга эга бўлган 20 та ОТМ учун ҳар йиллик молиявий рағбатлантириш кўзда тутилган.

Олий таълим муассасалари битирувчиларининг сифат индекси жорий этилмоқда
525-сонли қарор билан «Битирувчилар сифати индекси»ни шакллантириш ва унинг натижалари бўйича олий таълим муассасаларини рағбатлантириш тартиби тасдиқланди.
Индекс тўртта асосий кўрсаткич: битирувчиларнинг бандлик даражаси, уларнинг ишга жойлашиш барқарорлиги, ўртача ойлик даромади ва бандлик тоифаси бўйича ҳисобланади. Ҳисоб-китобга ҳисобот йилида бакалавр ёки магистр даражасини олган битирувчилар киритилади.
Баҳолашни Таълим сифатини таъминлаш агентлиги амалга оширади. ОТМлар «амалий фанлар», «тиббиёт фанлари», «ижтимоий ва гуманитар фанлар» ҳамда «ижодий (спорт)» тоифаларига бўлинади. Ҳисобот йилида битирувчилари сони 200 нафардан кам бўлган таълим муассасалари алоҳида ҳисобга олинади ва, қоида тариқасида, қарорда назарда тутилган рағбатлантиришларга даъвогарлик қила олмайди.
Индексни шакллантиришда чет эл давлат хизматчиси бўлган, ҳарбий хизматни ўтаётган ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлган битирувчилар ҳақидаги маълумотлар ҳисобга олинмайди. Ҳисобот йили давомида фаолияти тугатилган ОТМлар ҳам якуний натижаларга киритилмайди.
Баҳолашни автоматлаштириш учун давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашган рақамли платформа яратилади. У зарур маълумотларни автоматик равишда йиғиш, текшириш, қайта ишлаш ва таҳлил қилишни таъминлаши керак. Платформани ишга тушириш 2026 йил 10 ноябргача, тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилиш эса 1 декабргача режалаштирилган.
ОТМлар ўз натижаларини платформадаги шахсий кабинетлари орқали кузатиб боришлари мумкин бўлади. Агар нотўғри ёки сохталаштирилган маълумотлар ёхуд кўрсаткичларни сунъий равишда оширишга уринишлар аниқланса, ОТМ жорий йилги индекс натижаларидан чиқариб ташланиши мумкин.
Индекс якунлари бўйича энг юқори натижа кўрсатган ОТМларнинг мақомини ошириш ва уларнинг Карьера марказларини молиявий рағбатлантириш назарда тутилган. Ҳар йили энг юқори кўрсаткичларга эга бўлган 20 та ОТМ давлат бюджетидан 500 миллион сўмдан олиши мумкин бўлади.
Ушбу мақсадлар учун маблағлар 2027 йилда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида ажратилади, 2028 йилдан бошлаб эса бевосита Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
Индекснинг жорий этилиши ОТМлар ўртасидаги рақобатни кучайтириши, уларнинг битирувчиларни ишга жойлаштириш натижаларига эътиборини ошириши ва таълим жараёни самарадорлигининг ўсишини рағбатлантириши кутилмоқда.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 02.10.2026 й.дан кучга кирди.

