Олимлар 2026-2027 йилларда иқлим аномалиялари туфайли ўлим ҳолатлари кескин ошишини прогноз қилишди

Олимлар 2026-2027 йилларда иқлим аномалиялари туфайли ўлим ҳолатлари кескин ортишини прогноз қилишди
Супер-Эль-Ниньо иқлим ҳодисаси туфайли 2026 йилнинг сентябридан 2027 йилнинг февралигача бўлган даврда дунёда 450 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлиши мумкин.
Бу ҳақда "Тҳе Гуардиан" нашри олимларнинг тадқиқотига таяниб ёзмоқда.
Тадқиқотчиларнинг баҳолашича, Эль-Ниньо билан боғлиқ иссиқлик, қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари ва сув тошқинлари туфайли бутун дунё бўйлаб 451 минг киши вафот этиши мумкин. Энг оғир оқибатлар тропик мамлакатларда, жумладан Нигерия, Индонезия, Судан, Ҳиндистон ва Бразилияда, шунингдек, Саҳел минтақаси, Жануби-Шарқий Осиё ва АҚШда кутилмоқда. Шу билан бирга, мутахассислар аномал иссиқликдан ўлим ҳолатларининг юқори даражаси узоқроқ — 2027 йилнинг июнь ёки июль ойигача сақланиб қолишини тахмин қилишмоқда.
Прогнозлар дунёнинг 24 378 та минтақасида ҳарорат ва иссиқликдан қўшимча ўлим ҳолатлари ўртасидаги ойлик боғлиқликни кузатувчи тақризланган методларни қўллаган ҳолда тайёрланди. Бу маълумотлар 1996 йилдан 2025 йилгача бўлган даврдаги иссиқликдан ўлим ҳолатларининг ўртача ойлик сонидан фойдаланиб, яқин ойларда Эль-Ниньо туфайли ҳарорат кўтарилиши прогнозлари билан солиштирилди.
Олимлар бундай ҳисоб-китоблар ҳимоя чораларини зудлик билан кўриш зарур бўлган ҳудудларни тезкор аниқлаш имконини беришини таъкидламоқдалар. Экспертлар юзага келиши мумкин бўлган ечимлар сифатида совутиш марказларини ташкил этиш, тиғиз пайтларда тиббиёт муассасалари ходимлари сонини кўпайтириш ва очиқ ҳавода ишлайдиган одамлар учун қўшимча ҳимоя чораларини жорий этишни тилга олишмоқда.
Эль-Ниньо табиий ҳодисаси Тинч океани юзасидаги сувларнинг исишини келтириб чиқаради, бу эса бутун сайёрада кучли иссиқлик тўлқинлари, жала қуйиши, қурғоқчилик ва бошқа иқлим аномалияларига олиб келади.

