Кучли Эл Нино яқинлашмоқда. Марказий Осиёда сув тошқини хавфи ошиши мумкин

Кучли Эл Нино яқинлашмоқда: Марказий Осиёда сув тошқини хавфи ортиши мумкин
Тинч океанида ривожланаётган Эл Нино ҳодисаси сўнгги юз йилликдаги энг кучли даражага етиши эҳтимоли бор. Бу ҳақда Эуроневс Буюк Британиянинг Мет Оффисе метеорология хизматига таяниб хабар берди.
Мет Оффисе узоқ муддатли прогнозлар бўлими раҳбари Адам Ссаифе мавжуд сигнални "мисли кўрилмаган" деб атади. Унинг сўзларига кўра, аввалги моделлар Эл Нинонинг бундай кучли ривожланишини кўрсатмаган.
Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, ҳодиса август—октябр ойларида янада кучайиб, дунёнинг катта қисмида ҳароратнинг меъёрдан юқори бўлишига ва ёғингарчилик тартибининг кескин ўзгаришига олиб келиши мумкин. Тинч океанининг айрим мониторинг ҳудудларида сув юзаси ҳарорати меъёрдан 2,9 даражадан кўпроқ юқорилаши прогноз қилинмоқда.
**Марказий Осиёга қандай таъсир қилиши мумкин?**
Эл Нино асосан тропик ҳудудларга кучлироқ таъсир қилса-да, унинг оқибатлари бошқа минтақаларда ҳам сезилади.
Аввалги Эл Нино даврларида Жанубий Америка, АҚШ жануби, Шарқий Африка ва Марказий Осиёда сув тошқинлари хавфи ошган. Австралия, Индонезия ва Жанубий Американинг айрим ҳудудларида эса қурғоқчилик ва ўрмон ёнғинлари кучайган.
Марказий Осиёдаги ёғингарчиликдаги кескин ўзгаришлар дарёлар оқими, сув омборлари, сел ва тошқин хавфи ҳамда қишлоқ хўжалигига таъсир қилиши мумкин.
Никарагуа, Колумбия, Бразилия ва Ҳиндистон каби давлатларда ёғингарчилик камайиши маккажўхори, дуккакли экинлар ва суғориладиган майдонларга зарар етказиши, бу эса экспорт ҳажми ва озиқ-овқат нархларига таъсир қилиши мумкин.
Мутахассислар Эл Нинонинг ўзи глобал исишнинг асосий сабаби эмаслигини ҳам таъкидламоқда. Одатда у глобал ўртача ҳароратни вақтинча тахминан 0,2 даражага оширади, инсон фаолияти натижасидаги иқлим ўзгариши эса сайёра ҳароратини саноатгача бўлган даврга нисбатан 1,3—1,5 даражага кўтарган.
**2027-йил энг иссиқ йил бўлиши мумкин**
Мет Оффисе прогнозига кўра, кучли Эл Нино инсон фаолияти сабаб юз бераётган иқлим ўзгариши билан бирга 2027-йилни кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йилга айлантириши мумкин.
Эл Нино Тинч океанининг шарқий қисмида сув юзаси одатдагидан исиб кетиши натижасида юзага келади ва одатда ҳар икки—етти йилда бир такрорланади. У глобал ҳароратни вақтинча ошириб, айрим ҳудудларда қурғоқчилик ва ёнғинлар, бошқаларида эса кучли ёғингарчилик ва тошқинларни кучайтириши мумкин.
Май ойида Тинч океанида Эл Нино бошланишининг дастлабки аниқ белгилари қайд этилганди. Мутахассислар бу жараён глобал ҳаво ҳароратининг яна ошишига олиб келиши мумкинлигини билдирганди.
Июн ойида БМТ Марказий Осиёда ёғингарчилик меъёрдан юқори бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Прогноз Эл Нино ҳодисасининг шаклланиши билан боғланади.
Август ойида эса кучли Эл-Нино 2027-йил охиригача қарийб 49 млн кишини ўткир озиқ-овқат танқислигига дучор қилиши мумкинлиги маълум қилинди. Жуда кучли Эл Нино юз бериши эҳтимоли 81 фоиз деб баҳоланган.
2023—2024-йиллардаги аввалги Эл Нино ҳам кузатувлар тарихидаги энг кучли ҳодисалардан бири бўлган. У 2023-йил ноябридан 2024-йил январигача юқори фаол босқичга чиққан.

