“Одамлар фарзандларини эмлатмасликлари ҳақида ҳатто фахр билан ёзмоқда”. Ваксинация нима учун муҳим?

“Одамлар фарзандларини эмлатмасликлари ҳақида ҳатто фахр билан ёзмоқда”. Ваксинация нега муҳим?
ХХ асрда инсон умрининг узайишига ваксинация катта ҳисса қўшди. Одатда ҳар қандай эмлаш у ҳимоя қиладиган касалликнинг ўзидан анча хавфсизроқ бўлади. Шунга қарамай, ваксинация борасидаги баҳслар ҳеч қачон тўхтамаган. Ҳар қандай мамлакатда, ҳар қандай даврда ваксиналарни зарарли деб биладиган, уларсиз ҳам яшаш мумкинлигини айтадиган одамлар бўлган. Аммо тиббиёт ва инсоният тарихи бунинг аксини кўрсатади. “Эзгу амал” хайрия жамғармаси бошқарув раиси, онколог шифокор Рустам Норбоев ижтимоий тармоқларда фарзандини эмлатмаганини фахр билан ёзаётган ота-оналар кўпайганини айтиб, бу бошқалар учун ҳам хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлади.
### Ваксинация нима учун керак?
Профилактик эмлашлар ҳам болалар, ҳам катталар учун муҳим. Айрим касалликларни даволаш жуда қийин ёки улар оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Вирусли гепатит Б, дифтерия, қоқшол, кўкйўтал каби касалликларнинг олдини олишда ваксинация асосий ҳимоя чораларидан биридир.
Айниқса, кичик ёшдаги болалар учун эмлаш муҳим, чунки уларнинг организми турли инфексияларга нисбатан анча заиф бўлади. Агар она ўз вақтида эмланган ёки муайян касалликни аввал бошдан кечирган бўлса, боланинг ҳаётининг дастлабки ойларида онадан ўтган антитаначалар уни маълум даражада ҳимоя қилиши мумкин. Бироқ вақт ўтиши билан бу ҳимоя сусаяди. Шу сабаб эмлашни профилактик эмлашлар тақвимига мувофиқ, эрта ёшдан бошлаш зарур.
Олдини олиш мумкин бўлган касалликлардан ҳимояланиш — ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи. Ваксина организмнинг ҳимоя механизмларини ишга тушириб, иммун тизимини муайян инфексияга қарши курашишга тайёрлайди. Натижада организм эмланган касалликка нисбатан ҳимоя ҳосил қилади.
Шуни тушуниш муҳимки, эмлашдан кейин организм маълум даражада реаксия билдириши мумкин. Айрим ҳолларда тана ҳароратининг кўтарилиши ёки бошқа реаксиялар кузатилади. Жиддий ножўя реаксиялар эса жуда кам учрайди. Масалан, қизамиққа қарши эмлашдан кейин жуда кам ҳолларда тутқаноқ ёки иситма кузатилиши мумкин. Бироқ қизамиқнинг ўзи ҳам оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабаб эмлаш масаласини шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда, инсоннинг соғлиғи ва индивидуал ҳолатини ҳисобга олиб ҳал қилиш муҳим.
Шунга қарамай, айрим ота-оналар эмлашни тиббиёт ходимлари томонидан юклатилган оддий расмиятчилик деб қабул қилади. Ваксинопрофилактиканинг саломатликни ҳимоя қилишдаги аҳамиятини етарлича англамаслик эса асоссиз равишда эмлашдан бош тортиш ҳолатларининг кўпайишига олиб келиши мумкин.
### Эмлаш тизимидаги муаммолар
“Эмлаш тизимимизда ва статистик маълумотларнинг ҳаққонийлигида муаммолар борлиги, менимча, ҳеч кимга сир эмас. Лекин бу муаммоларнинг оқибатларини биз энди ҳис қила бошлаяпмиз. Ва қўрқаманки, бундан кейин вазият янада оғирлашиши мумкин.
Буни тушуниш учун ҳатто статистикага қараш ҳам шарт эмас. Баъзида ижтимоий тармоқлардаги изоҳларни ўқишнинг ўзи етарли. Одамлар фарзандларини эмлатмасликлари ҳақида очиқ, баъзида ҳатто фахр билан ёзишади. Лекин мен бунда фақат ота-оналарни айбламоқчи эмасман”, деб ёзади шифокор Рустам Норбоев.
Мутахассиснинг фикрича, энг катта муаммо — нормал ва тушунарли ахборотнинг етишмаслиги. Агар одамлар саволларига шифокорлардан ва давлатдан жавоб олмаса, жавобни ўзлари излай бошлайди. Ана шу жойда турли “экспертлар”, блогерлар, табиблар ва тиббиётга умуман алоқаси бўлмаган бошқа одамлар пайдо бўлади.
“Энг ачинарлиси, биз — тиббиёт ҳамжамияти ҳам кўпинча шунчаки жим турамиз. Гўёки бу муаммо бизга тегишли эмасдек. Лекин энди бу ҳаммамизга тегишли. Кечаги учрашувдан кейин Фасебоок ва Инстаграмъда ССПЕънинг сабаби ваксиналар экани ҳақида изоҳларни кўрдим. Мана шу жойда вазият ҳақиқатан ҳам хавфли тус олади. Чунки бу воқеадан мутлақо тескари хулоса чиқариб олишимиз мумкин”, дейди у.
ССПЕ — қизамиқни бошдан кечиргандан кейин йиллар ўтиб ривожланиши мумкин бўлган жуда оғир асорат. Қизамиққа қарши ваксина ССПЕъга сабаб бўлмайди. Аксинча, ССПЕънинг олдини олишнинг энг яхши йўли — қизамиқнинг ўзини олдини олиш.
Шунингдек, мутахассис одамларга “эмланинглар” дейишнинг ўзи етарли эмаслигини, бу энди ишламаслигини таъкидлади. У инфексионистлар, неврологлар, эпидемиологлар ва педиатрларни бир жойга йиғиб, одамларнинг саволларига хотиржам ва тушунарли жавоб бериш кераклигини билдирди.
“Биз қайси ваксиналардан фойдаланамиз? Улар қаердан келади? Сифати қандай текширилади? Қандай ножўя таъсирлари бўлиши мумкин? Ҳақиқий қарши кўрсатмалар қайсилар? Нега айрим ҳолларда эмланган бола ҳам касалланиши мумкин? Шундай бўлса ҳам, нима учун эмланиш керак? Одамларда бу саволлар бор. Демак, уларга жавоб бериш керак”, деб ёзади у.
Рустам Норбоевнинг қайд этишича, бугунги кунда ривожланган ССПЕъни бутунлай даволаб юборадиган даво йўқ. Бундай даволаш нафақат бизда, балки дунёнинг бошқа давлатларида ҳам мавжуд эмас. Лекин даволаб юбора олмаслигимиз ёрдам бера олмаймиз дегани эмас. Аксинча, бу болалар учун жуда кўп нарса қилиш мумкин: тутқаноқлар ва спастикани назорат қилиш; тўғри овқатланишни таъминлаш; зарур бўлса респиратор ёрдам кўрсатиш; ётоқ яраларининг олдини олиш; парвариш воситалари ва керакли жиҳозлар билан таъминлаш.
Айниқса, болалар учун мос шаклдаги тутқаноққа қарши дори воситаларини мавжуд қилиш. Ота-оналарга бундай болани уйда қандай парвариш қилишни ўргатиш. Ва албатта, бу болаларни паллиатив ёрдам тизимига эрта қўшиш керак. Чунки паллиатив ёрдам — бу “одамни ўлиш учун юборадиган жой” эмас. Бу касалликни даволаб бўлмайдиган вазиятда бемор ва унинг оиласига ёрдам беришдир”, деб ёзади у.
Мутахассис ССПЕъни даволаш масалаларига тўхталар экан, ушбу касаллик бўйича миллий клиник протоколни кўриб чиққани ва унда вена ичига юбориладиган иммуноглобулин (ИВИГ) борлигини кўрганини айтади. Унга кўра, айнан ССПЕъда ИВИГнинг самарадорлигини тасдиқлайдиган етарлича ишончли далиллар йўқ.
“Бу ерда ота-оналарда ъқиммат дори бор, давлат уни сотиб бермаяпти, агар шу дорини олсак бола тузаладиъ деган ёлғон умид пайдо бўлишига йўл қўймаслик жуда муҳим. Афсуски, ҳаммаси бундан анча мураккаб. ССПЕъда вирусга қарши ва иммун тизимига таъсир қилувчи турли даволаш усуллари қўлланган ва ҳозир ҳам айрим жойларда қўлланади. Балки айрим беморларда улар касалликнинг ривожланишини секинлаштиришга ёрдам бериши мумкин. Буни мутахассислар билан муҳокама қилиш ва асос бўлган ҳолатларда қўллаш мумкин. Лекин тузалиб кетишни ваъда қилиб бўлмайди”, дейди Норбоев.
Шу билан бирга, шифокор маблағнинг бир қисмини бу болаларнинг ҳаёт сифатини аниқ яхшилайдиган нарсаларга сарфлаш самаралироқ бўлиши мумкинлигини айтди: тутқаноққа қарши дорилар, махсус овқатланиш, ётоқ яраларига қарши матраслар, аспираторлар, кислород ва респиратор ёрдам, парвариш воситалари ва паллиатив ёрдам.
“Баъзида бош шифокорга эмлаш билан боғлиқ муаммо борлигини тан олишдан кўра, юқори эмлаш кўрсаткичини кўрсатиш осонроқ. Оилавий шифокорга эса ота-онага ваксина нима учун кераклигини соатлаб тушунтиришдан кўра, эмлашдан бош тортганлиги ҳақида тилхат олиб, суҳбатни тугатиш осонроқ. Айниқса, тушунтиришга жавобан ҳақорат ёки таҳдид эшица. Натижада қоғозда ҳаммаси яхши кўриниши мумкин…”, дейди у.
Рустам Норбоев бугунги ССПЕ беморларининг бир қисми қизамиқни режалаштирилган эмлаш ёшига етмасдан ёки эмлашдаги узилишлар даврида юқтирган бўлиши ҳам мумкинлигини истисно этмади.
“Ота-она фарзандини эмлатмасликка қарор қилганда, бу фақат унинг боласига тегишли бўлиб қолмайди. Қизамиқ билан касалланган бола бошқа болани юқтириши мумкин. Масалан, ҳали ваксина олиш ёшига етмаган чақалоқни. Ёки иммунитети заиф болани. Ёки кимётерапия олаётган онкологик беморимизни, унинг иммун тизими инфексияга нормал жавоб бера олмаслиги мумкин. Шунинг учун эмлаш фақат ъменинг болам — менинг қароримъ деган масала эмас. Бу бир-биримиз олдидаги масъулият масаласи ҳам”, дейди у.
### Ўзбекистонда эмлаш тақвими
Чақалоқларга туғилган вақтида туғруқхонада олиши лозим бўлган эмлашлар ва уларни ўтказиш муддатлари кўрсатилган “Эмлаш паспорти” берилади. Эмлаш паспортида ҳар бир ўтказилган ва навбатда ўтказилиши лозим бўлган эмлашлар кўрсатиб қўйилади.
Болалар эмлашдан олдин шифокор кўригидан ўтказилиши лозим. Болаларни профилактик эмлашдан олдин биринчи навбатда эмланаётган боланинг умумий ҳолатига баҳо берилади. Бунда боланинг соғлиғи ҳақида ота-онаси ёки уни олиб келган шахсдан сўралади. Шу орқали эмлашга қарши кўрсатмалар бор-йўқлиги, аввал эмлаш ўтказилганда ножўя реаксиялар кузатилган-кузатилмагани аниқланади.
### ЮНИСЕФ эмлаш ҳақида нима дейди?
75 йилдан ортиқ вақт давомида олимлар бутун дунё бўйлаб эмланган юз миллионлаб болаларнинг қисқа ва узоқ муддатли саломатлиги ҳамда ривожланишини синчковлик билан таҳлил қилган. Ушбу йиллар давомида миллионлаб эмланган болаларни ўрганиш натижасида эмлаш ва аутизм, аутоиммун касалликлар ёки бошқа узоқ муддатли соғлиқ бузилишлари ўртасида ишончли боғлиқлик аниқланмаган. Шунингдек, эмлаш бошқа юқумли касалликларни юқтириш хавфини оширмайди. Бундан ташқари, ваксиналар иммунитет тизимига ҳатто махсус эмланмаган вирусларга қарши курашишда ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида далиллар мавжуд.
Ваксинация билан боғлиқ ҳар қандай хавфларни мавжуд ваксиналар ҳимоя қиладиган касалликларнинг пайдо бўлиш хавфи билан таққослаш лозим. Чунончи, агар эмланмаган чақалоқ кўкйўтал билан касалланса, унда ўлимга олиб келиши мумкин бўлган оғир асоратларнинг ривожланиш эҳтимоли 20 дан 1 ни ташкил этади. Агар эмланмаган бола қизамиқ билан касалланса, у ўрта ёки юқори даромадли мамлакатда бўлса, унинг ўлиш эҳтимоли 500 дан 1 га тенг. Бу шуни англатадики, касаллик келтириб чиқарадиган асоратлар хавфи ваксиналар келтириб чиқарадиган асоратлар хавфидан бир неча баравар юқоридир.
### Агар эмлаш муддати кечиктирилса…
Болаларнинг иммун тизими ҳали шаклланишнинг дастлабки босқичларида бўлгани сабабли, чақалоқлар ва каттароқ ёшдаги болалар соғлом катталар каби вируслар ва бошқа касалликлардан ҳимояланмаган. Бола организми ва унинг ички аъзолари ҳали шаклланишда давом этмоқда ва бу соғлом катта одамда енгил аломатларни келтириб чиқарадиган касаллик болада жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Болаларнинг иммунитет тизимини маълум касалликларни аниқлаш ва уларга қарши курашишга “ўргатиш” орқали ваксиналар бу заифликни бартараф этишга ёрдам беради.
Шунинг учун ҳам кўкйўтал, қизамиқ каби касалликлардан ўлим ҳолатларининг аксарияти ёш болалар ва гўдаклар ҳиссасига тўғри келади. Ушбу касалликларнинг асоратлари ва ўлимидан энг яхши ҳимоя ваксиналардир. Болаларни юқумли касалликларга қарши эмлашни кечиктириб, агар улар инфексияланса, оғир касалланиш ёки ҳатто ўлим хавфини оширасиз.
Эмлашлар болалар ҳаётини сақлаб қолишга қандай таъсир кўрсатганини тушуниш учун болалар ўлимининг умумий кўрсаткичларига эътибор қаратиш кифоя. 1990-йилда ҳар минг боладан тахминан 93 нафари беш ёшга тўлмасдан вафот этган. Бугунги кунда ўлим даражаси дастлабки кўрсаткичнинг учдан бир қисмини ташкил этади: 1000 нафар боладан 37 нафари вафот этмоқда. Болалар ўлимининг камайиши кўп жиҳатдан глобал эмлаш дастурлари билан боғлиқ.
Сўнгги 50 йил ичида ваксиналар 154 миллион кишининг ҳаётини сақлаб қолди. Уларнинг аксарияти, яъни 101 миллиони қутқарилган гўдаклардир.
Болалар қанчалик ёш бўлса, улар шунчалик касалликларга мойил бўлади, шунинг учун уларнинг белгиланган муддатда эмланиши ва эмлаш муддатлари кечиктирилмаслиги жуда муҳимдир.
Баъзи одамлар одатий эмлаш жадвалига амал қилинса, чақалоқ ёки ёш бола бир вақтнинг ўзида жуда кўп антигенларни қабул қилади ва бу улар учун хавфли бўлиши мумкин, деб нотўғри ўйлашади. Аммо бу янглиш фикр.
Антигенлар — бу вируслар ёки бактерияларнинг майда бўлаклари бўлиб, улар организмга тушганда иммунитет жавобини келтириб чиқаради. Ваксина айнан шундай ишлайди. Антигенлар ҳамма жойда мавжуд. Улар ҳатто чақалоқни туғруқ йўллари бўйлаб кузатиб боради. Аслида, ҳар қандай ваксина ёки тавсия этилган ваксиналар комбинацияси киритилганда бола оладиган антигенлар миқдори бола ҳар куни ўз атрофида дуч келадиган антигенлар миқдоридан анча кам.
Чақалоқнинг иммунитет тизими ғоят чидамли бўлиб, ҳар куни юзлаб ва минглаб антигенлар, бактериялар ва аллергенларга жавоб бера олади. Бир вақтнинг ўзида бир нечта ваксинани киритиш боланинг иммунитет тизими томонидан осон қабул қилинади ва унга хавф туғдирмайди. Мутахассисларнинг баҳолашича, чақалоқларнинг иммунитет тизими шунчалик мукаммал тузилганки, у бир вақтнинг ўзида киритилган 10 000 та замонавий ваксинага хавфсиз ва самарали жавоб бера олади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, айнан шу сабабли эмланган болалар эмланмаган болалар билан бир хил антигенларнинг умумий таъсир даражасига эга. Ваксиналар иммунитет тизимига ортиқча юк бермайди, улар шунчаки боланинг иммунитет тизимига қўшимча иммунитет юкламасини яратмасдан муайян касалликларни аниқлаш ва уларга қарши курашишга ёрдам беради.

