Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 7 миллион сўмдан ошди. У қаерда энг тез ўсди

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 7 миллион сўмдан ошди. У қаерда энг тез ўсди
2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 7,1 миллион сўмга етди. Реал иш ҳақи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,9 фоизга ошди. Бу сўнгги йиллардаги энг юқори ўсиш суръатидир.
Марказий банкнинг меҳнат бозори шарҳида айтилишича, январь-июнь ойларида номинал иш ҳақи йиллик ҳисобда 18,4 фоизга ошган. Шу билан бирга, реал даромадлар иш ҳақининг ўсиши ҳисобига эмас, балки инфляциянинг секинлашиши туфайли ортиб бормоқда. Номинал ва реал ўсиш ўртасидаги фарқ 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра 7,5 фоизгача қисқарди.
Иш ҳақи энг тез транспорт ва сақлаш (22,8 фоиз), ижтимоий хизматлар (20,2 фоиз) ҳамда қурилиш (19,9 фоиз) соҳаларида ўсган.
Энг юқори ўртача иш ҳақи ҳамон молия ва суғурта соҳасида (19,1 миллион сўм), шунингдек, ахборот ва алоқа соҳасида (17,4 миллион сўм) кузатилди.
Энг паст кўрсаткичлар қишлоқ хўжалиги (3,5 миллион сўм) ва ижтимоий хизматлар (4,7 миллион сўм) соҳаларида қайд этилди.
Ҳисоботга кўра, иккинчи чоракда реал иш ҳақининг энг сезиларли ўсиши Жиззах вилояти (13,3 фоиз), Наманган вилояти (11,8 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (10,7 фоиз) кузатилган.
Тошкент вилоятида реал иш ҳақи 10,5 фоизга, Қашқадарёда — 9,7 фоизга, Самарқандда — 9,5 фоизга, Бухорода — 9,4 фоизга, Сирдарёда — 9,3 фоизга, Навоийда — 9,0 фоизга, Хоразмда — 8,8 фоизга ошган.
Қорақалпоғистон ва Сурхондарё вилоятида ўсиш 8,6 фоизданни, Фарғона вилоятида эса 8,5 фоизни ташкил этди.
Энг паст кўрсаткич Андижон вилоятида (7,9 фоиз) қайд этилди.
Марказий банкнинг қайд этишича, 2026 йилда реал иш ҳақининг ўсиши янада бир текис тус олди: у барча ҳудудларда кузатилди, ўсиш суръатларидаги фарқлар эса ўтган йилларга нисбатан қисқарди.
Шунингдек, регулятор юқори маош тўланадиган тармоқларда иш ҳақи ўсиши барқарорлашганини, айрим паст маошли соҳаларда — ижтимоий хизматлар ва қишлоқ хўжалигида эса тезлашганини кўрсатмоқда. Марказий банк баҳолашича, бу даромадлар ўртасидаги фарқнинг секин-аста қисқараётганидан далолат беради.

