Ўзбекистонда меҳмонхона бизнеси субъектларига кредитлар ажратиш тартиби тақдим этилди
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасида 8 сентябрь куни меҳмонхона бизнеси субъектларини имтиёзли кредитлаш шартлари эълон қилинди.

Ўзбекистонда меҳмонхона бизнеси субъектларига кредитлар бериш тартиби тақдим этилди
Идора хабарига кўра, тижорат банклари янги объектларни қуриш учун — 50 миллиард сўмгача — ва фаолият кўрсатаётган меҳмонхоналарни реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш учун — 20 миллиард сўмгача кредитлар ажратади. Қарз муддати 10 йилгача ёки 120 ойни ташкил этади, бунда қарз олувчилар учун 2 йиллик имтиёзли давр кўзда тутилган.
Шартларга кўра, фоиз харажатларининг бир қисми компенсация қилинади. Миллий валютадаги кредитлар бўйича йиллик 16 фоиздан ошган қисми, хорижий валютадаги кредитлар бўйича эса SOFR, EURIBOR ёки SHIBOR базавий ставкаларидан ошган қисми қоплаб берилади. «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ компенсация оператори ҳисобланади.
«Кредит маблағларига бўлган эҳтиёж Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри туризм ҳудудий бошқармалари орқали йиғилиб, Туризм хизматларини сертификатлаш марказига тақдим этилади»,
— дейилади хабарда.

