Маҳаллий

Банклардан қарз олганларнинг 29 фоизида биттадан ортиқ кредит мавжуд — Марказий банк

**Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда банкдан қарз олувчиларнинг 29 фоизида бир нечта кредит мавжуд**

Ўзбекистонда банклардан қарз олганларнинг деярли учдан бир қисми, аниқроғи 29 фоизи бир вақтнинг ўзида бир нечта кредитга эга. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2025-йил учун молиявий оммабоплик бўйича илк ҳисоботида қайд этилган. Ҳисоботга кўра, бир қарз олувчига ўртача 1,7 та кредит тўғри келади.

**Бир нечта кредит олиш тенденсияси кучаймоқда**

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, республикадаги катта ёшли аҳолининг 20 фоизи банкларда фаол кредит ҳисобварағига эга. Яна 7 фоиз аҳоли тартибга солинадиган микромолия ташкилотларида кредитлардан фойдаланади.

"Банк қарз олувчиларининг 29 фоизида биттадан ортиқ кредит мавжуд бўлиб, бир қарз олувчига ўртача 1,7 та кредит тўғри келади. Бу натижа бир қарз олувчининг бир нечта кредитдан фойдаланиш амалиёти кенг тарқалганини, кредитдан фойдаланиш даражаси ва қамрови ортиб бораётганини кўрсатади", дейилади ҳисоботда.

**Кредит портфелида аёлларнинг улуши юқори**

Тадқиқотга кўра, аёллар орасида банк кредит ҳисобварағига эга бўлганлар улуши 19 фоизни ташкил этади, бу катта ёшли аҳоли бўйича умумий кўрсаткичдан (20 фоиз) 1 фоиз бандга паст. 2025-йилда ажратилган янги чакана кредитлар ҳажмининг 35 фоизи ва чакана кредит портфели қолдиғининг 38 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келган.

"Аёллар базавий банк маҳсулотларидан фойдаланишда мамлакат миқёсидаги умумий даражага деярли тенг иштирок этмоқда. Вояга етган аёлларнинг 86 фоизи ва катта ёшли аҳолининг 86 фоизи банк ҳисобварағига эга", дейилади регулятор таҳлилида.

**Муаммоли кредитлар учун етарли захиралар мавжуд**

Аҳолининг жами кредитлари таркибида муаммоли қарзлар улуши 3 фоизни ташкил этади. Банкларда муаммоли қарздорликни қоплаш учун етарли захиралар шакллантирилган. Регулятор кредит қиймати ва шартларининг шаффоф ва тушунарли бўлишига эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлаган. Шунингдек, тўлов миқдори ва жадвалининг қарз олувчининг молиявий имкониятларига мос келиши диққат марказида бўлиши лозимлиги қайд этилган.

"Чунки сифатли кредитлаш ажратилган кредитлар сони билан эмас, балки молиялаштиришнинг мижоз эҳтиёжларига қанчалик мос келиши ва қарз олувчи томонидан ортиқча қарз юкини юзага келтирмаган ҳолда ўз вақтида тўланиши билан белгиланади", дейилади ҳисоботда.

**Кичик ва ўрта бизнес кредитлари бўйича кўрсаткичлар**

Кичик ва ўрта тадбиркорлик субьектларининг қарийб 24 фоизи банк ёки микромолия ташкилотида фаол кредит ҳисобварағига эга. Кредит бюросида (КАТМ) қайд этилган субьектлар улуши эса тахминан 68 фоизни ташкил этади.

Ушбу тоифадаги тадбиркорлик субьектларига ажратилаётган микрокредитларнинг 5 фоизи тўлиқ онлайн каналлар орқали расмийлаштирилган. "Бу бизнес учун кредит олиш жараёнларини рақамлаштириш ҳали дастлабки босқичда эканини кўрсатади", деб хулоса берган регулятор.

Кичик ва ўрта бизнесларга ажратилган кредитлар банклар жами кредит портфели қолдиғининг 36 фоизига тенг. Ҳисоботда кичик ва ўрта бизнес субьектларини кредитлаш бозорида консентрация индекси юқорилиги билдирилган, бу бозорда бир нечта фаол иштирокчи мавжудлигини ва кредитлашнинг муайян даражада жамланганини англатади.

Аввалроқ банклардан кредит олган аҳолининг тахминан 27 фоизи, яъни 1,4 миллион кишида икки ёки ундан ортиқ кредити борлиги хабар қилинганди. Янги таҳлилда мазкур кўрсаткич 2 фоизга ошган.

Жорий йил июл ойи бошида банкларнинг умумий муаммоли кредитлари миқдори 23 трлн сўмга яқинлашган. Қайтарилиши муаммога айланган кредитларнинг қарийб 70 фоиздан ортиғини давлат банклари ажратган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.