Ўзбекистонда ишдан бўшатилганлар учун пенсияга муддатидан олдин чиқиш тартиби тасдиқланди

Ўзбекистонда ишдан бўшатилганлар учун пенсияга муддатидан олдин чиқиш тартиби тасдиқланди
Ўзбекистонда ишдан бўшатилган ходимларнинг айрим тоифаларига, агар улар уч ой давомида муносиб иш топа олмасалар, ёшга доир пенсия муддатидан олдин тайинланиши мумкин. Бундай ҳуқуқ камида 25 йиллик иш стажига эга бўлган 58 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар ва камида 20 йиллик иш стажига эга бўлган 53 ёшдан 55 ёшгача бўлган аёллар учун назарда тутилган.
Ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 сентябрдаги қарори билан мустаҳкамланди.
Пенсияга муддатидан олдин чиқишни расмийлаштириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза топшириш лозим. Аризага меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхаси илова қилинади. Агар меҳнат стажи ҳали тўлиқ рақамлаштирилмаган бўлса, меҳнат дафтарчасининг нусхаси ҳам талаб этилади.
Маҳаллий бандлик органи икки иш куни ичида ҳужжатларни текширади ва ариза берувчини иш қидирувчи сифатида рўйхатга олади. Сўнгра уч ой давомида унга муносиб иш танланади. Агар ушбу муддат ичида ишга жойлашишнинг иложи бўлмаса, шахс ишсиз деб эътироф этилади ва муддатидан олдин пенсия тайинлаш учун ҳужжатлар Пенсия жамғармасига юборилади. Ушбу давлат хизмати бепул кўрсатилиши қайд этилган.
Пенсия тайинланганидан кейин ишсизлик нафақасини тўлаш кейинги ойдан бошлаб тўхтатилади.

