Маҳаллий

Ўзбекистонда пенсия ёши оширилади: лойиҳа муҳокамага қўйилди

Лойиҳа муҳокамаси 30-сентябргача давом этади

Ўзбекистонда пенсия ёши оширилади: лойиҳа муҳокамага қўйилди

2028-йил 1-январдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили 3 ойга ошириб бориш орқали 2039-йилда эркаклар учун 63 ёшга, аёллар учун эса 58 ёшга етказиш режалаштирилмоқда.

Бу масала юзасидан Президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди.

Шунингдек, фармон лойиҳасига мувофиқ, 2027-йил 1-январдан:

- пенсияни ҳисоблашда инобатга олинадиган охирги меҳнат фаолияти давомидаги беш йиллик иш ҳақи даври ҳар йили бир йилга узайтирилиб, йигирма йиллик иш ҳақи даврига етказилади. Бунда пенсия тайинлашда ўртача иш ҳақини аниқлашда фуқаронинг энг паст даромадли даврининг 10 фоизи пенсия ҳисоб-китобидан чиқариб ташлаш тартиби жорий этилади;

- ёшга доир пенсия тайинлаш учун белгиланган камида 7 йил иш стажи ҳар йили бир йилга босқичма-босқич оширилиб, 2034-йилда 15 йилга етказилади. Бунда энг кам иш стажига эга бўлмаган фуқароларга умумий белгиланган пенсия ёшидан беш йил ўтгач ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади;

- 2028-йил 1-апрелдан бошлаб биринчи марта пенсия тайинлашда иш ҳақининг юқори чегараси пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 бараваридан 13 бараварига оширилади.

Шу билан бирга:

— ишсиз қолганлар 2 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади;

— 2030-йилдан жамғарилган пенсия пулини даволаниш ёки ипотека бошланғич тўловига ишлатиш мумкин бўлади.

Лойиҳа муҳокамаси 30 сентябргача давом этади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.