Маҳаллий

Ўзбекистонда эр-хотинни ярашиш муддатисиз ажратиш таклиф қилинмоқда

Ярашиш муддати берилмасдан ажрашиш учун аниқ асослар белгиланади. Бу ҳақда 11 сентябрь куни Сенат йиғилишида Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова маълум қилди.

Ўзбекистонда эр-хотинни яраштириш муддатисиз ажратиш таклиф этилмоқда

Ҳукумат оилавий муносабатларни тартибга солишни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини тайёрлади. Ҳужжатда муайян асослардан бири мавжуд бўлган тақдирда, никоҳни бекор қилишда муддат белгиламаслик таклифи кўзда тутилган.

«Никоҳни яраштириш муддатини бермасдан бекор қилиш учун асос сифатида эр-хотиндан бири зўравонлик ёки тазйиққа учраган, спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситаларига ружу қўйган, ОИТС юқтирган, шунингдек, эр-хотин узрли сабабларсиз уч йил давомида бирга яшамаган ҳолатларни белгилаш таклиф этилмоқда»

Оила кодексининг 40-моддасида никоҳни суд тартибида бекор қилиш тартиби белгиланган. Бунда суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муддат тайинлаши мумкин. Агар янги қонун кучга кирса, ушбу моддага ўзгартириш киритилиши мумкин.

Йиғилишда Дилноза Каттахонова «маҳалла еттилиги» ажримларга олиб келувчи омилларни бартараф этиш чораларини кучайтириши зарурлигини таъкидлади. Таҳлилларга кўра, судларга қилинган мурожаатларнинг 60 фоиздан ортиғида характерларнинг тўғри келмаслиги, ўзаро ишончсизлик ёки оилавий ҳаётга тайёр эмаслик каби асоссиз сабаблар билан ажрашиш нияти кўрсатилган.

Ҳукумат вакилининг маълум қилишича, эндиликда ажрашиш ёқасига келиб қолган аёллар билан индивидуал тарзда иш олиб борилади. Махсус дастур орқали нафақат аёл, балки унинг оиласининг ҳар бир аъзоси қамраб олинади. Уларга муаммоларининг ечимини топишда ёрдам берилади. Масалан, агар ажрашиш эркакнинг ишсизлиги, яъни оиладаги иқтисодий қийинчиликлар билан боғлиқ бўлса, ҳоким ёрдамчиси эрнинг бандлигини таъминлаш чораларини кўради. Ўз навбатида, оила фарзандларини таълим хизматлари билан қамраб олиш ишлари ташкил этилади.

«Агар ажрашиш сабаби бандлик, уй-жой, соғлиқ, психологик ёки ҳуқуқий муаммолар билан боғлиқ бўлса, оилага тегишли хизматларни бир вақтда ва комплекс равишда кўрсатиш вазифа қилиб белгиланди»

Хабар қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 10,5 миллиондан ортиқ оила мавжуд. Жорий йилнинг январь-июль ойларида мамлакатда 115 879 та янги никоҳ қайд этилган. Ушбу даврда 29 353 та ажрим ҳолати қайд этилган. Ажримлар 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 1 470 тага (5 фоизга) ошган.

«Агар январда ажримларнинг ўсиш суръати 11 фоизни ташкил этган бўлса, июлга келиб унинг 5 фоизгача камайганини кузатмоқдамиз. Бироқ Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида ажримлар сони ортиб бормоқда. Наманган ва Андижон вилоятларида эса камайиш кузатилмоқда»

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.