Маҳаллий

Сергелидаги “гигант” мактаб: 7000 нафардан ошиқ ўқувчи бир мактабда қандай ўқимоқда?

Сергелидаги “гигант” мактаб: 7000 нафардан ошиқ ўқувчи бир мактабда қандай ўқимоқда?

Сергели туманидаги 300-мактаб 2026-йилда 19 та биринчи синф ва жами 665 нафар янги ўқувчини қабул қилди. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда қизғин саволларни юзага чиқарди. Ўқувчилар сонининг кўплиги кўпчиликда табиий савол уйғотади: мактаб шунча болани сиғдира оладими ва шароитлар қандай? “Дарё” мухбири вазиятни яқиндан кўриш учун ушбу таълим муассасасида бўлди.

Ҳозир мактабда 7 232 нафар бола 188 та синфга бўлинган ҳолда таълим олмоқда. Таълим муассасаси 7 гектар майдонни эгаллайди ва 4 та алоҳида бинодан иборат. Бошланғич синфлар, ўзбек ва рус гуруҳлари алоҳида биноларга жойлаштирилган. Яна бир бино фанларни кичик гуруҳларга бўлиб ўқитишга мўлжалланган. Маъмуриятга кўра, бу тартиб коридорларда тирбандлик ёки тартибсизлик юзага келишининг олдини олади.

“Мактабда бола кўп, эшитган одам ҳайратга тушади. Аммо мактабимизда кўзга ташланадиган ҳайратланарли муаммолар йўқ. Бизда тизим йўлга қўйилган. Агар бу жараён бир тизимдек кетмаса, ғала-ғовурлар, жараён бузилиши юзага келиши мумкин. Кўз тегмасин бизда ўқувчи кўп бўлса ҳам ҳеч қандай жиноятлар бўлмаган”, дейди мактаб директори Нигора Саидхўжаева.

Спорт инфратузилмаси ҳам анча кенг: мактабда 5 таси 18 га 24 метрли ва биттаси 18 га 36 метр ҳажмдаги жами 6 та спорт зали, шунингдек, очиқ майдончалар ва тренажёр заллари фаолият юритмоқда.

Ўқувчилар учун 2 та ошхона, 1 та буфет ҳамда ички қисмида иссиқ ва совуқ сув таъминоти мавжуд ҳожатхоналар ташкил этилган. Ошхоналарда ўқувчилар учун иссиқ овқатлар ҳам тайёрланади.

Мактабда ўқувчилар фойдаланиши учун кутубхона ҳам мавжуд. Унда дарсликлар ва бадиий адабиётлар жамланган бўлиб, болаларга дарсдан ташқари вақтда китоб ўқиш учун шароит яратилган.

“Ўқитувчиларнинг юкламаси меъёрдан оширилмайди”

Мактабда жами 291 нафар ўқитувчи ишлайди. Фақат инглиз тили фанининг ўзида 43 нафар педагог бор. Маъмуриятнинг айтишича, ўқитувчиларнинг кундалик юкламаси меъёрий ҳужжатлар асосида тақсимланади ва ортиқча зўриқишга йўл қўйилмайди.

“Ҳеч қачон ўқитувчиларга ортиқча юклама берилмайди. Ўқитувчиларга 1 ёки 1,5 ставкадан дарс берилган. Баъзилари 25-26 ёки 30 соат дарс олган. Дарс тақсимотининг ўзининг меъёрий ҳужжатлари мавжуд ва ана шу асосида тақсимланади”, дейди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Малика Абдуллаева.

Унинг сўзларига кўра, ўқитувчиларнинг асосий дарс соатларидан ташқари қўшимча машғулотлари ҳам бор. Бундай машғулотлар учун педагогларга ишлаган соатига қараб ҳақ тўланади.

Дарс сифатини ошириш ва вақтни тежаш мақсадида барча синфхоналар электрон доскалар билан жиҳозланган. Ҳар бир мавзу ва дарс босқичлари бўйича тайёр электрон материаллар олдиндан шакллантирилган.

“Ҳар бир мавзу бўйича материаллар тайёр. Ўқитувчи киради, электрон доскани очади ва дарсни бошлайди. 45 дақиқанинг ҳар бир босқичи, ҳар бир вазифасига жуда катта эътибор қаратамиз. Агар 45 дақиқа режа бўйича кетмаса, ҳаммаси ўзгариб кетди ва улгурмайди”, дейди директор ўринбосари.

Дарсликлар бўйича муаммо борми?

Янги ўқув йили бошланиши билан ўқувчиларни дарсликлар билан таъминлаш масаласи ҳам долзарб бўлади. Мактаб маъмурияти дарсликлар бўйича жиддий муаммо йўқлигини билдирди.

“Дарсликлар бўйича муаммо йўқ. Етишмаган адабиётлар ҳозир ҳам етказиб берилмоқда. Бу масала 15–20-сентябргача охирига етади”, дейди Малика Абдуллаева.

Мактабда хорижлик ўқитувчилар ҳам дарс беради

300-мактабда тил ўқитиш сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани айтилди. Ўтган йили 3 нафар хорижий мутахассис жалб қилинган бўлса, бу йил уларнинг сони 5 нафарга етказилган. Улар асосан ўқувчиларнинг оғзаки нутқини ривожлантиришга масъул. Қайд этилишича, ўтган ўқув йилида мактабнинг 461 нафар битирувчисидан 344 нафари миллий ёки халқаро сертификатларни қўлга киритган, олий таълимга қамров кўрсаткичи эса 85–87 фоизни ташкил этмоқда.

Мактабда “Мактаб-кичик академияси” фаолият юритади

Таълим муассасасида ўқувчиларнинг иқтидорини юзага чиқариш учун “Мактаб-кичик академияси” ишлайди. Унда болалар фан олимпиадалари, дастурлаш, робототехника, илмий лойиҳалар ва санъат йўналишларида ўз ишларини ҳимоя қилади.

Мактабга қизиқиш жуда юқори. Ҳозирнинг ўзида электрон платформа орқали қабул қилинмай қолган 2 500 та ариза навбатда турибди. Қабул жараёнлари эса тўлиқ рақамлашган бўлиб, бўш ўринлар мавжудлигига қараб автоматик тарзда амалга оширилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.