Ўқиш баҳонасида Туркияга олиб борилган 17 ёшли ўзбекистонлик зўравонликдан сўнг ватанга қайтарилди
Туркияга ўқиш баҳонасида олиб борилган 17 ёшли Ўзбекистон фуқароси мажбурий никоҳга ундаш, жисмоний зўравонлик ва мажбурий меҳнат ҳолатларига дуч келганини билдириб, Истанбулдаги Бош консулхонага мурожаат қилган. Унга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, Ўзбекистонга қайтарилган.

Ўқиш учун Туркияга олиб кетилган 17 ёшли ўзбекистонлик зўравонликдан кейин ватанга қайтарилди
Миграция агентлиги маълумотига кўра, Бош консулхона адвокатларни жалб этган ҳолда вояга етмаган ватандошга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатган. Унинг Ўзбекистонга қайтиши билан боғлиқ барча харажатлар Миграция жамғармаси ҳисобидан қопланган.
Айни пайтда унинг хавфсизлиги, ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ҳимоясини таъминлаш масалалари тегишли ташкилотлар назоратига олинган.
Агентлик хорижда зўравонлик, мажбурий меҳнат, таҳқирланиш ёки оғир молиявий қийинчиликларга дуч келган фуқароларни ёрдам сўраб мурожаат қилишга чақирган.
Бундай вазиятларда Миграция агентлигининг хориждаги ваколатхоналари, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан боғланиш мумкин.

