Истанбулда оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди

Истанбулда қийин аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари ўз юртларига қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Бош консулхона хабарига кўра, Туркияда оғир ижтимоий-молиявий вазиятга тушиб қолган А.А. ва Б.Д. исмли фуқароларнинг ҳолати ўрганилган. Текширув натижасида уларнинг шахсий ҳужжатлари, хусусан, фуқаролик паспортларини учинчи шахсларга бериб юборганликлари сабабли ҳужжациз қолганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миграция агентлиги билан ҳамкорликда ушбу фуқароларга зарур консуллик ва ташкилий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг Ўзбекистонга қайтиши учун авиачипталар харид қилиб берилган.
Бош консулхона ўз хабарида фуқароларни огоҳлантириб, "Ҳар қандай ҳолатда ҳам фуқаролик паспортларини бошқа шахсларга берманг, ҳужжатларни эҳтиёт қилинг ва улардан фақат қонуний мақсадларда фойдаланинг", дея таъкидлади.
Аввалроқ, 2026-йилнинг дастлабки етти ойи давомида хорижда мураккаб вазиятга тушиб қолган жами 2 888 нафар Ўзбекистон фуқароси Миграция агентлиги томонидан ватанга қайтарилгани хабар қилинган эди. Бу мақсадлар учун Миграция жамғармасидан умумий 9 миллиард 936 миллион сўм маблағ сарфланган.

