Дунё

Нуҳ кемаси топилдими? Туркиядаги сирли обьект остидан ғайриоддий тузилмалар аниқланди

Нуҳ кемаси топилдими? Туркиядаги сирли обьект остидан ноодатий тузилмалар аниқланди

Туркиянинг Арарат тоғи яқинидаги Дурупинар тузилмасида ўтказилган сўнгги тадқиқотлар натижалари эълон қилинди. Унга кўра, Нуҳ кемаси деб тахмин қилинаётган сирли обьект остида тўғри чизиқлар, тўғри бурчакли кесишмалар ва катта бўшлиқлар аниқланган. Тадқиқотчилар булар кеманинг ички қисмлари, йўлаклари ёки хоналари бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Тадқиқот ер остини текширишга мўлжалланган ГПР радарлар ёрдамида амалга оширилган. Олимлар энди бурғилаш ишларини бошлашни, ҳатто обьект ичига махсус роботни туширишни режалаштирмоқда.

Ўрганишлар давомида Дурупинар тузилмаси ичидан бир қатор аномалиялар аниқланган. Айрим маълумотларга кўра, обьектнинг марказий қисмида тахминан 70 метр узунликдаги йўлак ёки туннелга ўхшаш тузилма топилган.

Бундан ташқари, тадқиқотда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари учун ишлаб чиқилган БакҳтарРадар ерости радар тизимидан ҳам фойдаланилди. Тизим обьект остидаги ерости қатламлари ва аномалияларни уч ўлчамли кўринишда таҳлил қилиш имконини берган.

Натижада обьект бир хил зичликдаги қаттиқ жинс массасидан иборат эмаслиги, унинг остида бир нечта қатлам ва аномалиялар мавжудлиги қайд этилган. Бироқ бу дастлабки натижалар бўлиб, маълумотлар тўлиқ таҳлил қилиниши керак. Боиси радар аномалиялари турли геологик қатламлар, намлик ёки бошқа табиий омиллар сабаб ҳам келиб чиқиши мумкин. Олимлар шуни аниқлаштириш учун бурғилаш ишларини бошлайди.

Аммо бу обьект атрофидаги миш-мишларни кучайтирган ягона тадқиқот эмас. Масалан, жорий йил ўтказилган бошқа бир тадқиқот доирасида 150 та нуқтадан тахминан 1 000 та тупроқ намунаси олиниб, лабораторияга юборилган. Уларнинг таркиби, органик моддалар ва эҳтимолий ёғоч қолдиқлари мавжудлиги текширилган.

Тадқиқотга Сивас Сумҳуриет университети археология профессори Сенкер Атила раҳбарлик қилмоқда. Унинг маълум қилишича, Дурупинар тузилмасининг ички қисмидан олинган тупроқда ташқаридан олинган намунага нисбатан тахминан 40 фоизга кўпроқ углеродлар чиққан. Олимлар мазкур фарқ органик моддалар, жумладан, қадимги ёғоч қолдиқлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини текширмоқда.

Арарат тоғидан қарийб 30 км узоқликда жойлашган ушбу тузилма 1959-йили туркиялик капитан Илҳан Дурупинар томонидан аниқланган. Унинг узунлиги 157 метрга тенг. Олимлар юқоридан олинган суратларни ўрганиб, мазкур обьектнинг муқаддас китобларда тасвирланган Нуҳ кемасига ўхшашлигини аниқлаган.

Бундан ташқари, тузилма ўлчамлари ҳам диний манбаларда келтирилган рақамларга мос келган. Жумладан, Библиянинг “Ибтидо” китобида Нуҳ кемасининг узунлиги 300 тирсак деб кўрсатилади. Турли ҳисоб-китобларга кўра, бу тахминан 135–157 метр атрофида бўлиши мумкин.

Тадқиқотда қатнашаётган айрим олимлар аллақачон ўз хулосасини эълон қилиб бўлган. Жумладан, Ноаҳ'с Арк Ссанс лойиҳаси вакили Эндрю Жонс баёнот бериб, тузилма инсон томонидан яратилгани ҳақидаги қарашлар “юз фоиз тасдиқланганини” таъкидлаган. Бироқ бошқа олимлар масалага нуқта қўйишга шошилмаяпти. Уларнинг фикрича, радар аномалиялари табиий омиллар сабаб ҳосил бўлганини бутунлай инкор қиладиган далиллар ҳозирча йўқ.

Шу сабабли тадқиқотчилар бурғилаш орқали олинган физик намуналар ва лаборатория натижаларига умид билдирмоқда. Тупроқ ва карот намуналари келаётган қиш давомида таҳлил қилинади. Тадқиқотчилар якуний хулосани 2027-йили тақдим этишни режалаштирмоқда. Агар жараёнда қадимги ёғоч ёки инсон томонидан яратилган бирор конструктив элемент аниқланса, Дурупинар ҳақидаги узоқ йиллик баҳс-мунозаралар янги босқичга чиқади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.